АсосийJamiyat

Қурилишда назорат тизими жорий этилмоқда

'Қурилишда назорат тизими жорий этилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистонда Қурилишда назорат тизими жорий этилмоқда. Бу тизим аввало Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тест тариқасида ишга туширилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган 1341 қурилиш объекти “Қурилишдаги назорат” тизимига киритилиб, инспекторлар томонидан назорат ишлари бир вақтда анъанавий тарзда ва тизим орқали тест тариқасида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Қурилиши вазирлиги Ахборот хизмати "Даракчи"га хабар берди.

Маълум қилинишича, Инспекция томонидан 25 планшет харид қилиниб, назорат ишларига 25 инспектор жалб этилган.

Тошкент вилояти Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган 1697 қурилиш объекти “Қурилишдаги назорат” тизимига киритилиб, инспекторлар томонидан назорат ишлари бир вақтда ананавий тарзда ва тизим орқали тест тариқасида амалга оширилмоқда.

Инспекция томонидан 20 планшет харид қилиниб, назорат ишларига 20 инспектор жалб этилган.

Қурилишдаги назорат тизимини Республика миқиёсида жорий этиш бўйича Қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг 2020 йил 5 августида 
8-сон буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруққа асосан 7-14 сентябр кунлари Қурилиш вазирлигида Республика ўқув-амалий семинари ўтказилмоқда. “Шаффоф қурилиш” Миллий ахборот тизимидаги “Қурилишдаги назорат” қуйи тизимдан фойдаланишни ўрганиш ва ўз ҳудудларида ушбу тизимни 2020 йил якунигача тўлиқ амалиётга татбиқ этиш учун, қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ва буюртмачилар билан ишлаш бўлимларидан биттадан ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича мутахассислар жами 48 ходим иштирок этмоқда.

Мазкур ўқув-амалий семинарда қурилиш объектларини тизимга киритиш, тизим орқали назорат ишларини олиб бориш ва тизимда ҳисоботларни шакллантириш мавзулари ёритилади.

Ҳудудлардан ташриф буюрган инспекторлар Тошкент шаҳри ҳудудий инспекцияси инспекторлари билан биргаликда 6 кун мобайнида Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларида тизимдан фойдаланиш амалиётини ўтказишади.

Буюртмачилар билан ишлаш бўлими ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича мутахассислар вазирлик биносида 6 кун мобайнида тизимга рўйхатдан ўтган объектларни киритиш, буюртмачиларнинг техник назорати, лойиҳачиларнинг муаллифлик назорати ва пудратчиларнинг ички назорати ходимларига шахсий кабинетлар очиш амалиётини ўтказишади. 

Ўз навбатида семинар иштирокчилари тизимдан фойдаланиш амалиётини октябр ойи якунига қадар ҳудудий назорат инспекцияларига татбиқ этишади.

Октябр – ноябр ойларида Қурилиш вазирлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекциялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва ҳудудий назорат инспекциялари биргаликда жойларда Қурилишдаги назорат тизимидан фойдаланиш бўйича ўқув семинарларини ўтказиш режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар