Аввалроқ Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинди.
Сенат маълум қилишича, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан мазкур ҳолат назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.
"Ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан аёлга ҳимоя ордери берилган ва махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган. Марказда малакали психологлар жалб қилиниб, психологик ёрдам берилаяпти, шунингдек, аёл тўлиқ тиббий кўрикдан ҳам ўтказилган. Барча зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда.
Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи Ш. га нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда" дейилади Сенат хабарида.






