“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Анатольевич ВЬЮНЕНКО коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Сергей Анатольевич 1978 йилда Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида туғилган. Евроосиё Инновацион университетини тамомлаган. Бутун умрини металлургия саноатига бағишлади.
Меҳнат фаолиятини 1998 йилда “Қозоғистон алюмин” акциядорлик жамиятида қувурлар монтажчиси вазифасидан бошлаган. Кейинчалик йирик металлургия корхоналарида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.
Сергей Анатольевич металлургларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратар эди. Сергей Анатольевич Вьюненко вафоти муносабати билан унинг яқинларига ва меҳнат жамоасига ҳамдардлик билдирамиз.






