Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Ҳамза Файзиев коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. Бу хабарни "darakchi.uz"га Бош прокуратура Матбуот хизмати тасдиқлади.
Ҳ.Файзиев фидойи ходим сифатида тилга тушган прокурорлардан эди. Тизимнинг энг қуйи поғонасидан то марказий маҳкамасигача бўлган машаққатли йўлни матонат билан босиб ўтгани эътироф этилади.
Эътиборлиси, у шу йилнинг 26 август куни Олий судда 17 нафар аёлнинг иши кўрилган жараёнда фаол иштирок этиб, уларнинг айбини енгиллатиш бўйича прокурор хулосаларини берганди, дейилади маълумотларда.






