АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби Севара Зокирова аҳоли мурожаати ва саволларига жавоб қайтарди.
Хусусан, топиб олинган (ташлаб кетилган) болаларни туғилишини қайд этиш тартиби қандайлигига аниқлик киритилди,
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлашган муассаса маъмурияти ёки тиббиёт муассасасининг аризасига биноан амалга оширилади.
Болани топиб олган шахс бу ҳақда йигирма тўрт соат мобайнида ушбу тумандаги ички ишлар органига ёки васийлик ва ҳомийлик органига хабар бериши керак.
Ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлашган муассаса ёки тиббиёт муассасаси маъмурияти бола топилганидан кейин етти иш кунидан кечикмаган муддатда ФҲДЁ органларига топиб олинган (ташлаб кетилган) болани қайд этиш ҳақида мурожаат этишлари шарт.
Топиб олинган (ташлаб кетилган) бола туғилганлигини қайд этиш ҳақидаги ариза билан бир пайтда:
* ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисида бола топиб олинган вақтда тузилган далолатномаси;
* тиббий муассасанинг топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг ёши, жинси, вазни ва бўйи ҳақидаги маълумотномаси (хулосаси) тақдим этилиши зарур,
-дея жавоб берди мутахассис.






