Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 24 август куни Ички ишлар бош бошқармасининг собиқ ходими машинада уриб кетиши оқибатида вафот этган икки ёшли боланинг отаси Евгений Чеховский йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдаги йўл-йўл чизиқни янгилади ва йўл белгисини янгисига алмаштирди. Энди у келажакда юз бериши мумкин бўлган ўлимларнинг олдини олиш мақсадида мазкур жойга светофор ўрнатиш учун одамларнинг имзоларини йиғмоқда. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берган.
24 август куни, тахминан, соат 01:10 да Юнусобод тумани Юнусота кўчасида Cobalt автомобили ҳайдовчиси 31 ёшли Тоҳирхўжа А. пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида икки ёшли Т.Ч. тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Болакай 24 август кечаси олинган тан жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этган.
Пойтахт ИИББ хабарида айтилишича, ЙТҲни содир этган ҳайдовчи Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими бўлиб, шаҳодатлаш комиссиясидан ўтмагач, раҳбариятнинг буйруғи асосида 2020 йилнинг 20 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган. Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатилган.
ЙТҲдан икки ҳафта ўтгач вафот этган боланинг отаси Евгений Чеховский ҳодиса содир бўлган жойга пиёдалар ўтиш жойини кўрсатувчи янги белги ўрнатишга қарор қилди. Эркак Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Ўзавтойўлбелги» корхонаси вакилларининг ёрдами билан йўлдаги чизиқларни янгилади ва энди бу жойга светофор ўрнатилишига эришмоқчи.
Вафот этган болакай Тимурнинг отаси маълум қилишича, унинг ўғли машина зарбасидан 45 метрга учиб кетган, бу эса унинг бош миясида оғир жароҳатларни келтириб чиқарган.

«Бош миянинг юқори қисми майда бўлакларга бўлиниб кетган. Бизга айтишдики, миянинг ичида катта гематома ҳосил бўлган, ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳат даражаси 95 фоизни ташкил қилган. Яшаб қолиши учун атиги бир фоиз имконият қолганди. Биз ана шу фоизга ишондик. Операция тахминан беш соат давом этди. Бош мия суягининг 18 фоизи олиб ташланди, кейин эса у учинчи даражали комага тушди. 4 соатдан кейин у вафот этди», — дея маълум қилган Евгений Чеховский.
Боланинг онаси автомобиль зарбасидан кейин мия чайқалиши, чап қулоқ оғирлиги, кўкрак қафаси зарарланиши, шилиниш, урилиш ва кесилиш жароҳатларини олган.
Евгений Чеховскийнинг фикрича, тартибга солинмаган ўтиш жойида светофорнинг бўлиши ЙТҲнинг олдини олиши мумкин эди.
Эркак шаҳар ҳокимиятининг реакциясини кутмасдан, «Ўзавтойўлбелги» корхонаси вакили Мирзаниёз Маҳмудовдан йўл чизиқларини янгилашда ёрдам беришни илтимос қилди. Бу ерда мавжуд бўлган йўл-йўл чизиқлар деярли ўчиб кетганди.
Бундан ташқари, «Ўзавтойўлбелги» эркакка мазкур жойга ўрнатиш учун ёруғлик қайтарувчи «Пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгисини тақдим этган. Аввал бу жойда ёруғликни қайтарувчи элементлари бўлмаган эски услубдаги белги мавжуд эди.
«Агар биз ўзимиз киришмаганимизда, буни ҳеч ким қилмаган бўлар эди. На маҳалла, на туман ИИБ ходимлари ва на шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси — ҳеч ким бизга мурожаат қилмади, қандай ёрдам кераклигини сўрамади. Ҳеч ким келиб, белгини янгилашни хоҳламади. Реакция — нол », — дейди Евгений Чеховский.
Энди вафот этган боланинг отаси Юнусота кўчасидаги яқин атрофдаги уйларнинг аҳолиси билан биргаликда светофор ўрнатиш учун имзо йиғмоқда.

Евгений Чеховскийнинг сўзларига кўра, светофор, «Тезлик чегараси 50 км/соат» белгиси ва қоидабузарликларни қайд этиш ва автоматлаштирилган видеокузатув тизими ўрнатилиши келажакда ўлимларнинг олдини олади.