Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга 2020/2021 ўқув йили учун 5-9 синфларга ўқувчилар қабули бошланганлигини эълон қилади. Бу ҳақда сайтимизга Ихтисослаштирилган мактаблар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Шерзод ХУДОЙҚУЛОВ хабар берди...
ОНЛАЙН ҲУЖЖАТ ТОПШИРИШДА НИМАЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?
(Юкланиши лозим бўлган ҳужжатлар)
- Туғилганлик ҳақида гувоҳнома (рангли сканер, pdf - 10Mb ошмаган ҳолатда);
- Ўқувчининг 2019-2020 ўқув йилини математика, физика ва инглиз тили фанларидан “5” баҳоларга ва бошқа фанларни яхши “-5” ва “4” баҳоларга битирганлигини тасдиқловчи табель мактаб директори томонидан тасдиқланган бўлиши керак (рангли сканер, pdf-10Mb ошмаган ҳолатда).
- 3/4 расм (jpg/png/jpeg-форматида).
НЕЧТА ЎҚУВЧИ САРАЛАБ ОЛИНАДИ?
— Бу йил квота бўйича 5-синфга 120, 6-синфга 60, 7-синфга 60, 8-синфга 60, 9-синфга 30, жами 330 нафар ўқувчи танлов асосида саралаб олинади.
Ҳужжатлар 2020 йил 10 сентябрь куни соат 08:00 дан 20 сентябрь куни соат 24:00 гача Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг www.ictschool.uz расмий веб-сайти орқали фақат онлайн қабул қилинади.
21-24 сентябрь (4 кун)ҳар бир ўқувчига ID рақам онлайн шаклда юборилади.
ИМТИҲОНЛАР НЕЧТА БОСҚИЧДА ЎТКАЗИЛАДИ?
— Имтиҳонлар 2 босқичда ўтказилади:
1-босқич: 25-29 сентябрь кунлари онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш;
2-босқич: 5-7 октябрь кунлари ZOOM дастури орқали онлайн суҳбат.
Имтиҳонларни ўтказиш тартиби:
1-босқич математика ва инглиз тили фанларидан онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш.
- 5-синф учун – 25 сентябрь,
- 6-синф учун – 26 сентябрь.
1-босқич математика, физика ва инглиз тили фанларидан онлайн тест синови ва онлайн мантиқий масалалар ечиш.
7 синф учун – 27 сентябрь,
8 синф учун – 28 сентябрь,
9 синф учун – 29 сентябрь.
Биринчи босқичда жами иштирокчилардан 1 ўринга 3 нафаргача талабгор ўқувчилар саралаб олинади.
Биринчи босқичда 5-синф учун 360, 6-синф учун 180, 7-синф учун 180, 8-синф учун 180, 9-синф учун 90 нафар, жами 990 нафар юқори балл олганўқувчи иккинчи босқич имтиҳонига ўтказилади.
2-босқич:
Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар учун уларнинг синфларидан келиб чиқиб, математика, физика ва инглиз тили фанларидан ZOOM дастури орқали онлайн суҳбат ўтказилади:
- 5 синф учун – 5 октябрь,
- 6-7 синф учун – 6 октябрь,
- 8-9 синф учун – 7 октябрь.
Иккинчи босқич имтиҳонида инглиз тили фанидан 1 та мавзу бўйича ўқиш, таржима қилиш ва суҳбатлашиш маҳорати синовдан ўтказилади, математика ва физика фанларидан эса 2 тадан мисол ишланади.
ИМТИҲОН СИНОВ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
- Тест жараёни реал вақт оралиғида ўқувчига бир марта топшириш имконини бериш орқали назорат қилинади;
- Суҳбат жараёнида бир ўқувчига – жами 3 нафар ходим жалб қилинади, онлайн суҳбат – имтиҳон жараёни ёзиб олинади.
Имтиҳон синовлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, ўқитувчи мутахассислари томонидан ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биринчи бўлиб Тошкент шаҳридаги Амити университети ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2020-2021 ўқув йиллари учун кириш имтиҳонларини тўлиқ онлайн шаклда амалга оширилган.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
2020 йил 10 сентябрь кунидан бошлаб, ота-оналар ва мурожаатчиларга қулайлик яратиш мақсадида 1206 қисқа рақамли Call-center ташкил этилади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА