АсосийЖАМИЯТ

Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар ва 29 ёшли маслаҳатчи тайинланди

Сирдарё вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев раислигида...

'Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар ва 29 ёшли маслаҳатчи тайинланди'ning rasmi

Сирдарё вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев раислигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига янги тайинлов амалга оширилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Шу кунга қадар Ширин шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Хожиматов Абдуғаффор Тиллабоевич вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Хожиматов Абдуғаффор Тиллабоевич 1967 йил 31 августда Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. 1994 йилда Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Наманган муҳандислик-технология институти муҳандиси, Сирдарё вилояти “Сирдарё газ таъминоти” бошқармаси етакчи муҳандиси, Сирдарё вилояти “Гулистон газ таминоти” корхонаси бош муҳандиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекцияси” Сирдарё вилояти бўлими 1-тоифали муҳандис-технологи, етакчи муҳандис-технологи, бош технологи, “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Сирдарё вилояти газ таъминоти бошқармаси бошлиғи, Сирдарё вилояти ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири лавозимида фаолият юритган.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевга маслаҳатчи тайинланди.

Исақулов Шоҳрух Норқулович – вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига муносиб кўрилди. 

Тайинловга қадар Сирдарё вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Шоҳрух Исақулов 1991 йил 1 мартда Гулистон шаҳрида туғилган. 2011 йил Америка Қўшма Штатлари Канзас Штати “Ньюман" университети (Newman University), 2014 йил Америка Қўшма Штатлари Канзас Штати "Френдс" университети (Friends University)ни тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Америка Қўшма Штатларида жойлашган турли нуфузли компанияларда маъсул лавозимларда ишлаган.

Хусусан, Америка Қўшма Штатлари Иллинойс Штати “Прайс Вотерхаус Куперс солиқ, аудит ва консалтинг компанияси” (PricewaterhouseCoopers, Audit and Assurance, Consulting and Tax services) аудит ва консалтинг бўлимининг бош аудитори ва консултант-маслаҳатчиси, Америка Қўшма Штатлари Иллинойс Штати “КПМЖ солиқ, аудит ва консалтинг компанияси” (KPMG Tax, Auditing, and Consulting Company) аудит ва консултантлик бўлимининг бош аудитори ва консултант-маслаҳатчиси лавозимида самарали меҳнат қилган.

    Бошқа янгиликлар