АсосийЖАМИЯТ

Нукусдаги ҳарбий маҳаллада оилаларга психологик маслаҳат бериш тизими жорий этилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги...

'Нукусдаги ҳарбий маҳаллада оилаларга психологик маслаҳат бериш тизими жорий этилди'ning rasmi

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада фаолият юритаётган “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига психологик хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.   

Таъкидланишича, мазкур тизим Мудофаа вазирлигининг ҳарбий маҳаллалари ўртасида биринчи бўлиб Нукусда фаолиятини бошлаган. Ҳарбий округнинг малакали психологи ва социологи, шунингдек, Нукус шаҳар оилавий психологик маркази ва вояга етмаганларга психологик ёрдам бериш марказининг тажрибали мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллада истиқомат қилаётган ҳарбийларнинг оила аъзоларига руҳий ва эмоционал кўмак берилган. Бу орқали фарзанд тарбияси, айниқса балоғат ёшидагилар ва ўсмирларнинг хулқ-атворида рўй бераётган ўзгаришларда, нафақага чиққан ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоийлашув жараёнларининг осон кечишини таъминлайди. 

Психологик хизмат кўрсатиш ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари соат 10.00-17.00 да амалга оширилади. Маслаҳатни олиш учун келган маҳалла аҳолисига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида респондентларни қайд этиш ёки бошқа бир ҳужжатларда расмийлаштириш қатъий равишда олиб борилмайди, шунингдек, суҳбат жараёнларининг ёпиқлиги ҳамда ошкор бўлмаслиги таъминланади. Маҳалла аҳли учун психологик кўмак бераётган мутахассисларнинг телефон орқали аноним маслаҳат бериш тизими ҳам жорий этилган.

Маҳаллада психологик хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида турли семинар ва тренинг машқлари ўтказилиши йўлга қўйилган. 

“Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг хотиржамлигини таъминлаш, фарзандларига ҳақиқий ғамхўр бўлиш каби муҳим вазифани бажаришда бошқа маҳаллаларга ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда. Юртимизнинг энг олис гарнизонида жойлашган ушбу ҳарбий маҳалла 2020 йилда Мудофаа вазирлиги ҳарбий маҳаллалари ўртасида ўтказилган "Энг намунали ҳарбий маҳалла фуқаролар йиғини" кўрик-танловида фахрли 1-ўринни қўлга киритган.

Ҳарбий шаҳарча ҳудудида жойлашган ушбу маҳалла фаолияти 2018 йилда йўлга қўйилган бўлиб, ундаги жами 19 та қўп қаватли уйларда 500 га яқин ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳарбий пенсионерлар истиқомат қилишади. Маҳалла ҳудудида биттадан умумтаълим мактаби ҳамда мактабгача таълим муассасаси жойлашган. Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида ушбу маҳаллада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳарбий хизматчилар учун иккита кўп қаватли янги уйлар қурилиб, узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида фойдаланишга топширилди.

 

 

 

 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар