АсосийJamiyat

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилар учун теледарслари 14 сентябрдан бошлаб эфирга берилади — Халқ таълими вазирлиги

'Ўзбекистонда мактаб ўқувчилар учун теледарслари 14 сентябрдан бошлаб эфирга берилади — Халқ таълими вазирлиги'ning rasmi

14 сентябрдан бошлаб Республика умумтаълим мактабларида 2020/2021 ўқув йили бошланади. Бунда онлайн мактаб орқали барча синфларнинг дарслари бериб борилиши йўлга қўйилса, анъанавий шаклдаги мактаблар босқичма-босқич вазиятга қараб фаолиятини тиклайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди. 

Мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёҳуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.

Республикамиздаги барча мактаблар юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб босқичма-босқич очилиши кўзда тутилган.  Анъанавий шаклда фаолиятини бошлаган мактаблар тўғрисидаги маълумот, доимий равишда ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтлар орқали вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, анъанавий шаклда фаолиятини тиклаган мактабларнинг ўқувчилари мактабга бориши ёки уйда қолиб таълим олиши фақатгина ота-оналар томонидан белгиланиши зарур. Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларни анъанавий шаклга жалб қилиш ва ота-онага босим ўтказиш тақиқланган.

Ўз навбатида, фарзандини мактабга юбормаган ота-она фарзандини масофавий таълим олишини назорат қилиши сўралади.

Телевизион дарслар жорий йилнинг 14 сентябридан бошлаб  Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 3 та телеканалида душанбадан шанбагача ҳар куни соат 8:30 дан бошлаб Оnline-maktab туркумида намойиш этиб борилади.

Оnline-maktab дарслари “UzDigital TV” тармоғида қуйидаги телеканалар орқали эфирга узатилади:

✅ 1-4 синф ўқувчилари учун — National Geographic

✅ 5-8 синф ўқувчилари учун — Eurosport

✅ 9-11 синф ўқувчилари учун — Охота и рыбалка.

Кабель телевидениеси ва IP ТВ тармоқларида:  

✅ 1-4 синф ўқувчилари учун — National Geographic

✅ 5-8 синф ўқувчилари учун — “ТВЦ”

✅ 9-11 синф ўқувчилари учун — “Fashion TV”.

Дарсларни параллель равишда қуйидаги интернет ресурслар орқали кузатиб бориш мумкин:  

🖥https://t.me/uzeduonlinemaktab;

🖥mover.uz/channel/uzedu (http://%F0%9F%96%A5mover.uz/channel/uzedu)

🖥Youtube канали;

🖥Kundalik.com (http://%F0%9F%96%A5Kundalik.com) ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали.

Шунингдек дарслар Mediabay.uz, Mover.uz сайтларига ҳамда ижтимоий тармоқдаги телеграмм каналларига ҳам жойлаштирилади.

Оnline-maktab телевизион дарслари Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда ZO‘R TV билан ҳамкорликда тасвирга олинмоқда.  

Дарсларни тасвирга олиш учун А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва Республика ташхис марказида жами 6 та студия ташкил этилди.

Телевизион дарсларни тасвирга олишга жами давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан жами 117 нафар тажрибали ва малакали педагоглар, 12 нафар сурдо-таржимон ва 15 нафар муҳаррирлар жалб қилинди.  

Телевизион дарсларнинг жадвали кунлик тарзда Халқ таълими вазирлигининг расмий саҳифалари орқали эълон қилиб борилади.

    Бошқа янгиликлар