Янгийўл тумани кадастр хизмати ходими 27 сотих ерни ҳар бир сотихи 500 АҚШ долларидан жами 13 500 АҚШ долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Шу йилнинг 8 сентябрь куни фуқаро М.А. вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилган. Ёзилишича, у фуқароларга ажратилаётган ерлар бўлса, қонуний сотиб олиш, уй-жой қилиш мақсадида Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Янгийўл тумани филиалига мурожаат қилган. Филиалда турар жой мутахассиси лавозимида ишловчи И.Н. ҳозирги кунда шудгор қилиниб тайёрланган ерларнинг хар бир сотихи 500 АҚШ доллар эканини, 27 сотих тайёрланган ерни жами 13 500 АҚШ долларига сотмоқчилигини айтган.
Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир натижасида, Тошкент вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Янгийўл тумани филиалида турар жой мутахассиси лавозимида ишловчи, 29 ёшли И.Н. фуқародан келишилган пулларни олаётган вақтида холислар иштирокида далилий ашёлар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-модда 3 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






