11 сентябрь куни Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган, В.Элонага тегишли 14-уй суд қарорига кўра бузилди. Аммо уй эгасининг вакили айтишича, ушбу бино маданий мерос объекти ҳисобланади ва уни бузиш қонунга зиддир. Уйни бузиш ишлари Маданий мерос бошқармасининг хулосаси олинмаган ҳолда бошланган.
"Бино эгаси В.Элона эса ҳозирда Исроил давлатида ва карантин туфайли Ўзбекистонга келолмаяпти. Эгаси иштирок этмасдан мулкка нисбатан қарор чиқариш қонунга зид ҳисобланади. Қолаверса, биз ҳеч қандай товон пулини олганимиз ҳам, кўрганимиз ҳам йўқ" деган вакил.
"Зарафшон" газетаси Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош юристконсульти Бобохон Тоиров сўзларини келтиришича, Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг даъвоси асосида фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг 2020 йил 3 июнь куни ўтказилган очиқ суд мажлиси қарорида Волова Элонага 640 миллион 815 минг сўм товон пули тўлаш ва бинони мажбурий буздириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличевнинг сўзларига кўра, ушбу нотурар жой биноси вилоят ҳокимининг 2000 йил 14 мартдаги қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатида қайд этилган. Аммо объект маданият ва спорт ишлари вазирлиги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг 2010 йил 19 январдаги буйруғига (тарихий-маданий мерос объектлар эксперт комиссиясининг хулосасига) асосан маданий мерос объектлар рўйхатидан чиқарилган. 2001 йилда Самарқанд шаҳри тарихий шаҳар сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Ушбу бино маданий мерос объекти ҳисобланмайди, фақат бино тарихий шаҳар ҳудудида жойлашган. Бу борада тегишли қарорлар қабул қилинган ва шаҳарнинг тарихий ҳудудида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари тегишли ташкилотлар ва ЮНЕСКО маркази билан келишган ҳолда олиб борилади.






