Аппеляция ариза ёки шикоятларини бу йил онлайн тарзда қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Танловлар тўлиқ якунлангандан сўнг ариза бериш имкониятлари яратилади.
Октябрь ойининг бошларида аппеляция шикоятларини қабул қилиш йўлга қўйилади.
Барча материаллар ДТМда йиғилганлиги ва экспертлар ҳам тест марказида жамланганлигини инобатга олиб, аппеляция шикоятлари тест марказида кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Аппеляция жараёнлари тўлиқ онлайн тарзда узатилади, яъни ота-оналар бемалол аппеляция жараёнларини онлайн кузатишлари мумкин бўлади.
Аппеляцияга берган абитуриент тест синовларида ечган саволлар варақаси билан ўзи бевосита иштирок этади.
Таъкидлаш лозимки, абитуриентлар аппеляцияда қайта синовдан ўтказилмайди, яъни янги саволлар берилмайди. тест синовида ечган саволлар китобида белгиланган жавоблар билан аппеляция жараёни кўриб чиқилади.
Бу ҳақда ДТМ Бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
Шикоят берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.
Абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест топшириқлари китоби берилади.
Абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.
Шикоят апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.
Ёзма жавоблар ўз тасдиғини топмаса, комиссия натижаларни ўзгаришсиз қолдиради.
Шикоят қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилмайди:
- абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига етказилмаган ёки йиртилган бўлса;
- абитуриент тест синовларидан четлаштирилган бўлса;
- абитуриент ўз жавобларини ёзма равишда баён қилмаган бўлса.
Апелляция жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
- уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб кириш;
- тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш, уларга ёрдам бериш ёки ёрдам олиш;
- тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш.
Комиссия қарори бўйича маълумот Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига апелляция жараёни тўлиқ тугаганидан сўнг 5 иш куни ичида тақдим этилади.
Абитуриент апелляция натижалари юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.






