Ўзини изоляциялаш нима? Ўғлим Малайзиядан қайтяпти, уйда изоляцияни қандай тартибда ўташи керак?
Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда Республика бош санитария инспектори, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков, қуйидагича жавоб берди:
Ўз-ўзини изоляциялаш - аҳоли учун чекловчи чора-тадбирлар мажмуи бўлиб, ҳукумат томонидан хавфли касалликлар тарқалишини олдини олиш учун муайян муддатга жорий этилади.
Изоляция вақтида фуқаролар қуйидаги режимга риоя этишлари талаб этилади:
- ўта заруратсиз кўчага чиқмаслик;
- бошқа одамлар билан мулоқотни чеклаш;
- юқумли касалликлар, хусусан, коронавирусни олдини олиш бўйича барча тавсияларга риоя қилиш.
Республика махсус комиссиясининг 43-сон баённомасига кўра Малайзия коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича "яшил ҳудуд"га киради. "Яшил ҳудуд"дан қайтган йўловчиларга карантин чоралари қўлланилмайди (касаллик аломатлари бўлган шахслар бундан мустасно).






