2020 йил 14 сентябр куни соат 09:00да Сирдарё тумани Камолот МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автойўлининг 874-км Термиз-Тошкент йўналишида ЙТҲ содир этилган.
Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, Сирдарё тумани Камолат МФЙ да яшаган, 2000 йилда туғилган ҳайдовчи Х.И. кулранг, "Нексия-3" автомашинасида кетаётиб бошқарувни йўқотади ва йўлнинг чап томонидаги дарахтга урилиб, унга қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Сирдарё тумани Матонат МФЙ да яшовчи 1989 йилда туғилган ҳайдовчи А.Б.нинг "Газел" автомашинаси билан тўқнашади.
Натижада "Нексия-3" ҳайдовчиси Х.И. “пешона соҳасида шилинма ва гематома, чап юқори қовоқ бурун соҳалари қонталаш ва кесилган жарохати, кўкрак қафаси ёпиқ жарохати, қовурғалар синиши, ички қон кетиши” ташхиси билан Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Маълум қилинишича, вафот этган ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмаган, 2 йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлган.
"Газел"да бўлган 1974 йилда туғилган йўловчи Д.О.га Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, чиқариб юборилган.
Ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






