Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бир нечта фуқаролар мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказди. Бу ҳақда Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Хаёт Шамсутдинов хабар берди.
Унда Т.Р. ва бошқалар ўзларини гўёки, “N.” хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги расмий вакили сифатида таништириб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига 2 минг нафарга яқин фуқародан жами 9 млн АҚШ доллари (15 сентябрдаги МБ курсига кўра, 92,6 миллиард сўм) йиғиб олишган.
Шунингдек, янада кўпроқ пул маблағ жалб этиш ҳамда мижозлар сонини орттириш мақсадида йиғилган 9 млн АҚШ долларидан 800 минг АҚШ долларини одамларга фоиз ҳисобида беришган.
Бундан ташқари, Т.Р. ўзига 78 минг АҚШ долларига “Volkswagen”, ўғли А.Н. номига 2 та «Ласетти» русумли автомашинасини ва Қарши шаҳридаги савдо дўконини сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олган даромадларни легаллаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.