Бухоро вилоятининг Олот ва Когон туманларида яшовчи алиментчи оталарга суд томонидан тегишли жазолар берилди.
МИБнинг вилоят бўлими ижрочилари Н.Бакаева, М.Абдуллаев маълум қилишича, Олотда қарздор И.Чориев ундирувчи Д.Нуриддинова фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзандининг таьминоти учун 24 млн 738 минг 467 сўм ҳамда қарздор Б.Ондаев ундирувчи Ю.Шарипова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 21 млн 967 минг 200 сўм алимент пулларини икки ойдан ортиқ муддатда тўламаганлиги сабабли уларга нисбатан Олот туман маьмурий судининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Когон шаҳрида қарздор Ф.Сулаймонов ундирувчи Н.Қурбонова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 8 млн 930 минг 536 сўм алимент пулларини икки ойдан ортиқ муддатда тўламасдан келганлиги боис Когон шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.






