1

Мева ташиш учун деб хориждан олиб келинган "Камаз"да ғишт ташилгани аниқланди

ЖАМИЯТ 19.09.2020, 22:06
Мева ташиш учун деб хориждан олиб келинган "Камаз"да ғишт ташилгани аниқланди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан хориждан олиб кирилган, божхона тўловларидан имтиёз асосида расмийлаштирилган транспорт воситаларининг берилган божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича мониторинг ишлари олиб борилганда, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади

Навбатдаги тезкор тадбир давомида “Камаз” тўхатилиб, ҳужжатлари ўрганилганда, юк автомобили мева ташиш учун деб олиб кирилгани, аслида “ўриндиқли тягач” бўлишига қарамасдан, ўзбошимчалик билан “самосвал”, яъни ўзи кўтариб туширадиган юк автотранспорт воситасига айлантирилиб, ғишт ташилаётгани фош бўлди. Натижада, 328 миллион сўм божхона тўловлари ундирилди.

Ўзбекистон Божхона Кодексининг 22-моддаси “а” бандига асосан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилган товар ва транспорт воситалари фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган, шартли чиқариб юборилган товарлар бўлиб ҳисобланади. 

Мазкур модданинг иккинчи қисмида, шартли чиқариб юборилган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши мумкин. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019 йил 1 октябрга қадар импорт бўйича олиб кирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловлари тўлашдан озод этилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1