1

Ўктам Барноев билан 20 йил бир сафда ишлаб, бир-биримиздан ўрганиб, яқин дўст бўлиб қолгандик — Эркинжон Турдимов

ЖАМИЯТ 21.09.2020, 08:32
Ўктам Барноев билан 20 йил бир сафда ишлаб,  бир-биримиздан ўрганиб, яқин дўст бўлиб қолгандик — Эркинжон Турдимов

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида коронавирус  асоратлари оқибатида вафот этди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов узоқ йиллар вилоятларда раҳбар ва сўнгги пайтда ҳукумат вакили бўлган ҳамкасбини хотирлади.

Бош вазир ўринбосари, таниқли раҳбар Ўктам Исаевич Барноевнинг вафоти тўғрисидаги нохуш хабар қалбимни ларзага солди.  

Яқин кунларгача давлатимиз раҳбари ғояларини амалга ошириш учун фидокорона фаолият кўрсатиб турган, бош вазир ўринбосари сифатида вилоятимизга келиб, ердан унумли фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш, деҳқончилик маданиятини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларимизни ўрганиб, соҳани ривожлантириш учун қимматли ёрдам ва маслаҳатлар берган инсонни йўқотиш осон эмас. Бундан ташқари 20 йил давомида бир сафда ишлаш жараёнида бир-биримиздан ўрганиб, яқин дўст, маслакдош бўлиб қолгандик.  

Ўктам Барноевнинг бевақт вафоти Ўзбекистон халқи, хусусан самарқандликлар учун жуда оғир жудолик бўлди. Негаки бу инсон мураккаб шароитда Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаганида бу кўҳна юртнинг фидойи, садоқатли фарзандига айланиб улгурган эди. Оддийлиги, ҳалоллиги ва ташаббускорлиги билан одамлар меҳрини қозонди. Вилоятда, хусусан, Самарқанд шаҳрида жуда кўп ибратли ишларни амалга оширди.  

Ўктам Исаевич Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг чинакам билимдони ва фидойиси эди. У кишининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан Бухоро ва Самарқандда, ҳатто бошқа вилоятларда бошланган ибратли тажрибалар самарасини бераётир. Бу инсон мамлакатдаги барча раҳбар ходимлар ўртасида ҳам катта салоҳиятга ва ҳурматга сазовор эди.  

Мен дўстим ва кўпйиллик биродарим, жонкуяр ҳамкасбим Ўктам Исавич Барноевнинг бевақт вафоти муносабати билан ушбу қайғули кунларда барча самарқандликлар ва шахсан ўз номимдан марҳумнинг оила аъзолари, қариндошларига, бухороликларга, республика жамоатчилигига чуқур таъзия изҳор қиламан.

Ўктам Исаевичнинг номи республика мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида қилган яхши ишлари, қолдирган ибратли фазилатлари қаторида қалбимизда доимо абадий яшайди.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўктам Барноев Бош вазир ўринбосари лавозимига келишидан аввал Бухоро вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Ҳукуматга тайинлангандан сўнг Бухоро вилоятига Карим Камолов раҳбар этиб тайинланган эди. Бироқ, 22 август куни Карим Камолов ҳам коронавирусдан вафот этди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1