АсосийJamiyat

Ўзбекистондаги ОТМга кира олмаганлар хорижий ОТМга кириш учун нима қилиши керак?

'Ўзбекистондаги ОТМга кира олмаганлар хорижий ОТМга кириш учун нима қилиши керак?'ning rasmi

Бугун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда абитуриент ва талабаларнинг муҳим саволларига жавоб қайтарилди

❓Ўзбекистондаги олий таълим муассасасига ўқишга кира олмасам, хорижий давлатда ўқимоқчиман. Хорижий олий таълим муассасасини танлаганда нималарга эътибор қаратишим лозим?

–Ҳозирги пайтда айрим жисмоний шахслар ҳамда консалтинг хизматларини кўрсатувчи фирмалар ёшларимиз орасида хорижий олий таълим ташкилотларига ҳужжат топшириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.

Сизга таклиф этилаётган хорижий олий таълим ташкилоти дипломининг Ўзбекистонда тан олинишини учун қуйидагиларга эътибор қаратинг:

Аввало, ташкилотнинг олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритишига рухсат берувчи ҳужжати, яъни лицензияси мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг;

Кейинги энг муҳим талаб - таълим муассасаси томонидан бериладиган диплом ўзи жойлашган мамлакат ҳудудида тан олиниши билан боғлиқ. Бунинг учун эса олий таълим муассасаси ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши керак.

Бундан ташқари, талабгор танлаган олий таълим муассасасининг ўқитиш шакли ва таълим дастурлари Ўзбекистон қонунчилигига мос келишини ўрганиши керак.

 Амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида расман тан олинадиган бакалавриат босқичи камида 4 йил, сиртқи таълим камида 5 йил, магистратура эса камида 2 йил муддат қилиб белгиланган.

Шунингдек, пандемия вақтида жорий этилган карантин режими сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари масофавий шаклга ўтказилган. Ушбу вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган баъзи консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида масофадан таълим берувчи хорижий олий таълим муассасаларини «дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади» каби асосланмаган маълумотлар билан тарғибот қилишмоқда.

Мазкур масала бўйича абитуриентлар ёки уларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволлар билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг телеграм боти (@Uztdibot)га ёки (71) 231-07-53 рақамига мурожаат қилиб, мутахассислардан жавоб олишлари мумкин.  

Юқоридаги тавсияларга асосан Сизга таклиф қилинаётган олийгоҳ ҳақидаги маълумотларни яхшилаб ўрганиб кейин қарор қабул қилинг.

    Бошқа янгиликлар