Бугун, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маълум қилмоқда.
Муҳокамага қўйилган қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш, касалликдан кейинги даврда тиклаш ва реабилитация ишларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш мақсад қилинган.
Унга кўра, “Пандемияни спорт орқали енгамиз!” ғоясини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикасида 2020-2021 йилларда спорт сиёсатини жадаллаштириш дастури тасдиқланади. Шунингдек, Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг устувор йўналишлари этиб – спортнинг юриш, югуриш, мини футбол, велоспорт, бадминтон, волейбол, стритбол, фитнес, «Воркоут» — маҳалла (кўча) фитнеси турлари белгилаб олиниши кўзда тутилган ва бу спорт турларининг мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ривожланиши учун тегишли мутасаддилар масъул сифатида тайинланади.
Бундан ташқари қарорда 2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанбаси республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинади ҳамда шу куни автомобилда ҳаракатланиш таъқиқланади.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағларининг шакллантирилиш манбаси ва унинг қандай мақсадларда сарфланиши ҳамда бир қатор бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича тўлиқ маълумот билан қуйидаги ҳавола (https://regulation.gov.uz/uz/document/22513) орқали танишишингиз мумкин.






