Халқаро пресс-клубнинг "Ўзбекистон-БМТ: муҳим ташаббуслар ва актуал таклифлар" мавзудаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида сўзлаган Нутқига бағишланган сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш соҳасида, хусусан пандемия даврида олиб борилган қатор чора-тадбирлар хусусида гапирди.
— 15 мартда бошланган карантин пайтида оддий ниқобга бўлган эҳтиёж қондирилмаган эди. Мана шу қисқа давр ичида 200дан ортиқ корхоналар кунига 7 миллион ниқобни ишлаб чиқаряпти. Юртимизда фармсаноат охирги уч йилда кескин ривож топяпти. Булар қаторига қонни суйилтирувчи “Гепарин”, “Эноксапарин”, бундан ташқари, керакли гармон воситалари “Дексаметазон”, буларнинг ҳаммаси ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Шу ҳафтадан бошлаб ўпка яллиғланишида самарасини бераётган “Ремдесивир” дориси ҳам ишлаб чиқарилиб, рўйхатга олинди. Шу билан бир қаторда, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Грузия, Туркманистон мамлакатларига экспорт қилиб келяпмиз.
Оммавий тестлаш масаласига тўхталиб ўтсам. Бошида тест воситалари Хитойдан харид қилиб келинган. Мавжуд лабораторияларда санитария ҳолатлари яхши эмасди. Қисқа вақт ичида 170дан ортиқ тест лабораториялари харид қилинди. Тестни ўзимизда чиқаришга эришдик. Ҳозирги кунда бир ойда 1 миллионга яқин тестларни Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида очилган лабораторияда йўлга қўйилди.