АсосийJamiyat

Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган шифохона шифокорининг видео-мурожаати юзасидан ИИВ расмий муносабат билдирди

'Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган шифохона шифокорининг видео-мурожаати юзасидан ИИВ расмий муносабат билдирди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Марказий госпитали томонидан Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган 750 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохонада фаолият олиб бораётган шифокор Ашурова Дилафруз Давроновна 2020 йил 18 сентябрь куни ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган видео-мурожаати жойлаштирилган.

Шифокор Д. Ашурова томонидан йўлланган видео мурожаатда у ҳеч қандай асосларсиз ўзи фаолият олиб бораётган вақтинчалик шифохонада бир нечта қонунчиликка зид бўлган хатти-ҳаракатлар содир этилаётганлиги ҳақида маълум қилган эди. 

ИИВ Ахборот хизматининг маълум қилишича, Д. Ашурова иккинчи видеолавҳасида ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумот тарқатиб юборганини тан олиб, мазкур вақтинчалик шифохонада тиббиёт ходимлари учун озиқ-овқат, турар жой бепул ташкил этилгани, ишлаб турган вақтида ҳамкасблари билан бўлган суҳбатларда бунга амин бўлганини таъкидлаган. Шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда шифохона ташкилотчиларидан узр сўради, маълумотлари нотўғри бўлганлиги сабаб ўз истагига кўра қайта мурожаат этаётгани ҳақида қўшимча қилди.    

Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон қарорига мувофиқ “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган вақтинчалик шифохонада белгиланган тартибда беморлар даволанмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 августдаги 461-сон “Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ, Ички ишлар вазирлигининг Марказий госпитали ҳузурида Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг “Универсал” спорт мажмуасида 750 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона ташкил этилди. Мазкур вақтинчалик шифохона Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Корходжи Ота кўчаси 2 А-уйда жойлашган.

Вақтинчалик шифохонага 2020 йил 2 сентябрь кунидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни қабул қилиш бошланди ва шу кунга қадар ўз фаолиятини туну-кун давом эттириб келмоқда.

Вақтинчалик шифохонада 3 сменада иш фаолияти ташкил этилиб, унда жами 427 нафар тиббиёт ходимлари ишламоқда, шундан: 138 нафар шифокор, 154 нафар ҳамшира, 128 нафар кичик тиббий ҳамда 7 нафар дезинфектор ходимлар фаолият олиб бормоқда.

Вақтинча шифохона тиббиёт ходимлари Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган “COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича амалий қўлланма” (7-баённома)га мувофиқ даволаш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Вақтинчалик шифохонага шу кунга қадар 5035 нафар бемор мурожаат этган бўлиб, шулардан: 1234 нафар беморларга тегишли тиббий консультациялар берилди, 3801 нафар бемор шифохонага жойлаштирилди, 2979 нафар бемор соғлиги яхшиланганлиги сабабли уйларига жавоб берилди, айни вақтда эса шифохонада 677 нафар бемор даволанмоқда.

Вақтинчалик шифохонада даволанаётган беморлар ва фаолият олиб бораётган ходимларни овқатлантириш, лаборатория ва диагностика хизматлари аутсорсинг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда.

Вақтинчалик шифохонани жорий сақлаш, шунингдек, беморларни ҳамда жалб қилинган мутахассис ва бошқа ходимларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 августдаги 461-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланмоқда, дейилади расмий муносабатда.

 

    Бошқа янгиликлар