Пандемия шароитида аҳолининг саломатлигини эҳтиёт қилиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили бошланишида мактаблар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Мактаб муассасаларининг очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда санитария-эпидемиологик вазият инобатга олинган ҳолда Маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсати билан қабул қилинмоқда.
Хусусан 7 сентябрь куни мамлакатимизда 431 та (4,3%) мактаб фаолиятини бошлаган бўлса, 14 сентябрдан 2 560 та (25,6%), 21 сентябрда 4 379 та (43,9%) мактаб фаолиятини тиклади. Бу ҳақда ХТВ ахборот хизмати маълум қилди.
28 сентябрь куни фаолиятини тиклаган мактаблар сони 76,3 фоизга етди. Бугун ўз фаолиятини тўлақонли равишда олиб бораётган мактаблар сони 7 620 тани ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда.






