Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” шиори остида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.Пресс-тур давомида туманда тажриба сифатида ўзини оқлаётган солиқ тизими ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди. “дача” хизматларининг қонунийлаштирилишидан бугун давлат ҳам, тадбиркорлар ҳам, истеъмолчилар ҳам манфаатдор бўлмоқдалар. Қандай қилиб дейсими? Унда саҳифамизни охиригача ўқинг.

orom.uz – бизга ишонинг!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сонли қарори билан 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача мазкур ҳудудда тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилган. Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан ижарага бериладиган дам олиш уйлари, дала ҳовли ва яшаш учун мўлжалланган турар жойлар, шунингдек, сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш обеъктлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи сифатида рўйхатга олинди.Бунинг учун Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, “Дўстлик”, “Сижжак” ва “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилди. Ушбу пунктларга махсус ўқув курсларида малака оширган 30 нафар солиқ хизмати ходимлари бириктирилди.Мазкур тажриба доирасида Давлат солиқ қўмитаси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларини ижарага олиш тўғрисида ишончли маълумотларнинг янги хизмати – orom.uz – ягона электрон платформасини ишга туширди.Платформа географик рўйхатида солиқ солишнинг янги тартиби синовдан ўтказилаётган хушманзара ҳудудлар – Сижжак, Бўстонлиқ, Юсуфхона, Сойлиқ ва Дўстлик қўрғонлари кўрсатилган.

Барчаси қонуний!
Ижарага берувчилар orom.uz сайтига ижара объектлари ҳақидаги маълумотларни бепул жойлаштиради. Мижозлар дам олиш объектини масофадан туриб танлаши, банд қилиши ва улар учун тўловни амалга ошириши мумкин. Тўлов амалга оширилгандан сўнг, дам олувчининг электрон почтасига банд қилинганлик ҳақида хабарнома юборилади. Дам олувчилар сайтда рўйхатдан ўтиб, объектларни танлаши ва банд қилиши, шунингдек, уларни турли мезонлар бўйича баҳолаб, шарҳлар қолдириши мумкин. Жисмоний шахслар янги тартиб туфайли қонуний равишда даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишлари мумкин.Платформадаги барча маълумотлар ишончли. Объектларнинг orom.uz сайтида мавжудлиги улар фаолиятининг қонунийлигини билдиради.
Ҳозирги кунда orom.uz платформасида туризм хизматлари истеъмолчилари учун фойдали бўлган қўшимча маълумотларга эга 3700 дан ортиқ дам олиш объекти мавжуд. Унда объектларнинг тавсифи, фотосуратлари, харита бўйича жойлашуви (геолокация) ва ижара нархи кўрсатилган.
Нархлар ва фотосуратлар ёлғон бўлса-чи?
Aгар сиздан сайтда кўрсатилганидан фарқ қиладиган нархни тўлашингизни сўрашса, таклиф этилган дала ҳовли ёхуд бошқа объектнинг фотосурати ҳақиқий кўринишига мос келмаса, жойлардаги мавжуд солиқ таянч пунктларига мурожаат қилиш мумкин.
“Турли сайтларда реклама беришга хожат қолмади”
– Дала ҳовлини қуриб, ишга туширганимизга бир йил бўлди, – дейди тадбиркор Мансур Нурметов. – Ушбу объектни orom.uz платформасида рўйхатдан ўтказганимиздан сўнг турли сайтларда реклама беришга хожат қолмади. Аввалари, мижоз келиши ёки келмаслигидан қатъий назар, декларация асосида йиллик даромад солиғи тўланар эди. Янги тизимнинг қулайлиги шундаки, даромад солиғи фақат ижарага беришдан олинган даромад учун ҳисобланади.

Ҳамма ҳам манфаатдорми?
— Бўстонлиқ туманида солиқ солишнинг янгича тартиби маҳаллий бюджетга даромадлар тушумларининг қўшимча манбаларини яратмоқда, – дейди Бўстонлиқ тумани ДСИ бош инспектори Отабек Фаттоҳов. – Тажриба даврида мен назорат қилаётган “Хўжакент” МФЙ ҳудудида 250га яқин объект рўйхатга олинди. Ўтган вақт мобайнида дам олиш масканларини ижарага беришдан даромад олган 138 та объект эгаси солиқларини ўз вақтида тўлади. Шунингдек, пандемия даврида мижозлар камлиги сабабли 60дан зиёд объектларга дам олувчилар келмади. Ушбу мулк эгалари даромад солиғи тўламади.






