1

Конимех тумани ҳокими халқдан узр сўраб, аҳолига мурожаат қилди

ЖАМИЯТ 01.10.2020, 14:13
Конимех тумани ҳокими халқдан узр сўраб, аҳолига мурожаат қилди

 Конимех тумани ҳокими халқдан узр сўради ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилди. 

 O`zAнинг ёзишича, 2020 йил 1 майдаги Президент қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди.

Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра, “қониқарсиз” деб топилган туман, шаҳар раҳбарларига жамоатчилик олдида камчиликларни тан олиб, уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот бериши зарурлиги вазифаси топширилди.

Айни пайтда Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича режаларини тақдим этди.

Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқулов дастлаб ҳудуднинг "қониқарсиз" ҳудудга ўтиб қолиши сабабларини маълум қилиб, кейинги режаларга ҳам тўхталди.

4 та сектор раҳбари халқдан туман "қониқарсиз" ҳудудга ўтиб қолгани учун узр сўради.

"Аҳолининг яхши яшашга ҳаққи бор. Бунинг учун биз раҳбарлар билвосита ҳам, бевосита ҳам масъулмиз. Йил охиригача туманни "ўрта", кейинги йил "яхши" ҳудудга ўтказишга ваъда берамиз", деди туман ҳокими.

Шунингдек, ҳоким ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаса лавозимни тарк этишга тайёрлигини билдирди.

Сессия давомида сектор раҳбарлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича йил якунига қадар ва келгуси йилнинг биринчи ярмида аниқ рақамларга асосланган ўзгариш қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1