Ички ишлар ходимининг шаънини ўртага тиқиб, пул эвазига прописка қилиб бераман дея фирибгар жиноятчилар қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу ҳолат 2020 йил 30 сентябрь санасида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган. Воқеа Когон тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси биноси олдида содир бўлган. Туманнинг "Чолоқи" маҳалласида яшовчи 1970 йилда туғилган Қ.К. маҳалладоши 1982 йилда туғилган У.М. билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро С.Р. нинг ишончига кириб олишган.
Бу шахслар С.Р.ни алдаб, Когон туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи орқали С.Р.ни, опаси Ш.М. яшаб келаётган Когон тумани "Истиқбол" маҳалласида жойлашган онаси З.б. нинг эгалигидаги хонадонга доимий рўйхатга қўйиб беришни ваъда қилишган.
Фирибгарлар кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ долларини олаётган вақтда далилий ашё ва гувоҳлар иштирокида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Қ.К. ва У.М. Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






