1

Қумқўрғондаги "6,5 млрд сўмга қурилиб, 1 йилу 7 ойда қулаган" кўприк тикланяпти. Кўприкни сифатсиз қурган пудратчи устидан прокуратурага арз қилинган

ЖАМИЯТ 03.10.2020, 21:06
Қумқўрғондаги "6,5 млрд сўмга қурилиб, 1 йилу 7 ойда қулаган" кўприк тикланяпти. Кўприкни сифатсиз қурган пудратчи устидан прокуратурага арз қилинган

Аввалроқ Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 1 йил-у 7 ойда авария ҳолатига келиб қолгани ҳақида хабар ва видеолар тарқалганди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу хабар юзасидан изоҳ берди. 

Изоҳга кўра, умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятига эга 4Р-105 “Дарбанд қ. – Бойсун ш. – Элбаён қ.” автомобиль йўлининг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 70-89 км ҳамда автомобиль йўлининг 76 км қисмидаги “Полвонтош” селгасидаги кўприк 2013 йилда содир бўлган табиий офат оқибатида зарар кўрган. Қумқўрғон тумани ҳокимининг 2013 йил 5 сентябрдаги 74-сонли қарорига асосан мазкур объектга “Баҳром универсал қурилиш” МЧЖ пудратчи этиб белгиланган.

2014 - 2018 йилларда кўприкнинг асосий қурилиш ишлари якунланиб, автотранспорт воситалари ҳаракати учун очилган. Аммо буюртмачи вилоят автомобиль йўллари ҳудудий Бош бошқармасининг расмий огоҳлантириш хатлари ва қонунда белгиланган тартибда қўллаган жарима тадбирларига қарамасдан, пудратчи “Баҳром универсал қурилиш” МЧЖ томонидан лойиҳада кўзда тутилган қолдиқ иш ҳажмлари – қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини бажариш узоқ вақт пайсалга солиб келинган. Оқибатда эса 2019 - 2020 йиллар, жумладан, жорий йилнинг март-апрель ойларида сел оқими одатдаги ҳажмга нисбатан 3-4 баробар кўп келганлиги натижасида кўприкка жиддий зарар етган.

Шундан сўнг, ҳудудда яшовчи аҳолига қатнов учун вақтинча айланиб ўтиш йўли (объезд) қурилган.

"Пудратчига нисбатан таъсир чоралари самарасиз қолаётганлиги инобатга олиниб,  вилоят автомобиль йўллари Бош бошқармаси томонидан вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Ҳозирда пудратчи томонидан шартнома шартларини бажармаслик ҳолати юзасидан Термиз транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда мазкур объектда пудратчи алмаштирилиб, табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ва уни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда қурилиш ишлари сифати тўлиқ лаборатория назоратига олинган. Кўприкда содир бўлган табиий офат оқибатлари қисқа муддатларда тўлиқ бартараф қилинади", дейилади ҳокимлик изоҳида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1