АсосийJamiyat

Уйини омбор суви уриб кетган сардобаликлар молхонада яшашга мажбур. Чунки уларга кадастр баҳона ҳеч нарса берилмади. Блогер бу оилага ҳеч бўлмаганда лаққа балиқлар ҳисобидан ёрдам берилишини илтимос қилмоқда.

'Уйини омбор суви уриб кетган сардобаликлар молхонада яшашга мажбур. Чунки уларга кадастр баҳона  ҳеч нарса берилмади.  Блогер бу оилага ҳеч бўлмаганда лаққа балиқлар ҳисобидан ёрдам берилишини илтимос қилмоқда.'ning rasmi

Блогер ўз каналида  соғ-омон аммо уйидан айрилиб, бошпанасиз қолган сардобалик бир оила ҳақида пост жойлаштирди.

Унда айтилишича, Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Ҳақиқат маҳалласи, Бўстон кўчасида илгари молхона, омборхона бўлган жой энди бир оила учун бошпанага айланганлиги айтилган.  

"Бу ерда 44 ёшли идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл, унинг турмуши ўхшамаган 25 ёшли санитарка бўлиб ишлайдиган қизи Дилдора, 16 ёшли яна бир қизи яшайди. Бу уйда эркак зотидан фақатгина катта қизининг беш ёшли ўғли бор. 

Биз жамият сифатида тонг саҳардан ухлаб ётган одамлар устига ёпирилган сув гўёки Сардоба туманида, 1-совхозда ҳеч кимни оқизиб кетмагандек, гўё даҳшатли ҳеч нарса содир бўлмагандек тутдик ўзимизни. Дом-дараксиз йўқолганлар ҳақида ҳам ҳеч қанақа рўйхат йўқ, жимжитлик. Оғир сукунат. Бу энди айбдорларнинг виждонига ҳавола",  -- дейди ўз постида блогер. 

 

Лекин соғ-омон аммо уйидан айрилиб, бошпанасиз қолганларнинг ҳоли не кечади? 

Тўғон бузилганда оддий санитарка Дилдора Ашированинг уйини бутунлай сув босган. Фақат пойдевор қолган. Бу ҳақда блогер ўзида видео фактлар борлигини айтади.  Бу оила сув тошқинидан жабрланганлар сифатида ҳеч қандай моддий ёрдам олмаган. Сабаби...

"Тупкадаги бир қишлоқ жой бўлгани учун уйининг кадастри ҳам йўқ эди. Кадастрни баҳона қилиб, давлат уларга уй бермади, ўрнига беш қаватли янги уйдан кредитга хонадон сотиб олишни таклиф қилди.  

Бундай оиланинг қандай қилиб, қайси пулига уй сотиб олиши мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

Тўғон бузилишида оддий одамларнинг айби бўлмаса, нима учун у ўзига уй сотиб олиши кераклигини-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади", дейди блогер.

Сўзининг якунида блогер Сардобада жабр кўрган бу одамларнинг муаммоларига эътибор қаратилишини сўраган. 

"Дилдора ва унга ўхшаганларга уй беришингизни илтимос қиламан! Давлат ҳисобиданми, пудратчилар ё лаққа балиқлар ҳисобиданми фарқи йўқ. Лекин қандайдир шубҳали қурилиш тизимини деб жабрланганларнинг бўйнига кредит осиб қўймаслик керак. Ватанимизнинг "буюк келажаги" бўлган болаларига молхонанинг бурчаги эмас, тузукроқ шароит яратиш керак... Қиш яқин қолди."

    Бошқа янгиликлар