Уйини омбордан тошган сув уриб кетгач, Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Ҳақиқат маҳалласи, Бўстон кўчасидаги молхонада яшашга мажбур бўлган оила ҳақида хабр берилган эди. Унда ушбу оиланинг уйи кадастр ҳужжатлари бўлмаганлиги сабаб ҳеч нарса берилмагани айтилган.
Ушбу тарқалган хабар юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати асл деб айтилаётган қўйидаги ҳолатни баён қилди:
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг берган маълумотига кўра, “Сардоба” сув омборидаги техноген ҳолат сабаб юз берган сув тошқинига қадар Гулчеҳра Аллаёрова (44 ёшли идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл) набираси ва икки нафар қизи билан укаси Илхом Умрзоқовнинг Мирзаобод тумани “Хақиқат” маҳалласи Бўстон кўчасида жойлашган уйида биргаликда истиқомат қилиб келган.
Сув тошқини оқибатида мазкур хонадон зарар кўрган ва ишчи гуруҳи томонидан яшашга яроқсиз деб топилган. Ушбу хонадон Илхом Умрзоқовнинг рафиқаси Умрбуви Умрзоқова номида бўлиб, етказилган зарарини қоплаш мақсадида ҳозирда янги қурилаётган уй-жойлардан бири берилиши назарда тутилган ва ҳужжатлари қабул қилинган. Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан У.Умрзоқовага 40,0 млн.сўмлик компесация пули, маиший техника учун сертификат берилган.
Ушбу вазиятда Г.Аллаёрова ва унинг фарзандлари ҳам эътибордан четда қолмади. Боқувчиси йўқлиги, бунинг устига икки нафар қизи ва набираси билан яшаётганлиги инобатга олиниб, унга ҳам 40,0 млн.сўм пули маблағи, маиший техника учун сертификат ажратилди.
Тошқиндан сўнг барча эвакувуция қилинганлар қаторида Г.Аллаёрова ҳам оила аъзолари билан туман марказидаги коллеж ётохонасига жойлаштирилиб, етарлича озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминланган. Аммо Г.Аллаёрова коллеж ётохонасида маълум муддат яшагач, сув тошқинига қадар истиқомад қилган хонадоннинг илгари молхона, омборхона ўрнида фойдаланилган қисмига келиб жойлашган.
Куз мавсумининг ёғингарчиликлари ҳисобга олиниб, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан Г.Aллаёрова ва унинг оила аъзолари автобус билан туман марказидаги коллеж ётоқхонасига олиб келинган. Иссиқ овқат, кийим-кечак билан таъминланган бўлса-да, фуқаро Г.Aллаёрова ва унинг фарзандлари сабабсиз равишда яшаш учун яроқсиз бўлган жойга яна қайтиб келган.
Aён бўлишича, Г.Aллаёрова бундай ҳатти-ҳаракатлари билан талофат кўрган аҳоли учун қурилаётган уйлардан ўзи ва оиласи учун ҳам ажратилишини хоҳламоқда. Бироқ белгиланган тартиб-қоидалар мавжуд. Яъни, юқорида таъкидланганидек Г.Aллаёрова талофатдан олдин яшаган хонадони укасининг турмуш ўртоғи У.Умрзоқова номида бўлганлиги сабаб унинг номига ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шундай бўлишига қарамай, фуқаронинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, айни кунларда Aллаёрова Гулчеҳра Aтабаевнага “Ҳақиқат” маҳалласида қурилаётган уй-жойлардан Ипотека кредит асосида хонадон ажратилиши учун керакли ҳужжатлар вилоят ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинган ва ўрганилиш жараёнида, дейилади хабарда.






