1

Тоғли Қорабоғда жанглар саккиз кундан буён давом этмоқда

ДУНЁ 05.10.2020, 14:29
Тоғли Қорабоғда жанглар саккиз кундан буён давом этмоқда

Тоғли Қорабоғда жанглар деярли саккиз кундан буён давом этмоқда. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг (ТҚР) пойтахти Хонканди (арманча номи Степанакерт) кетма-кет тўртинчи кун доимий равишда ўққа тутилмоқда. Кузатувчи томонлар (Арманистон ва Озарбайжон)ни музокара столига келтира олмади. Бу ҳақда Геосиёсат канали ахборот таҳлили тайёрлади.

4 октябрь воқеалари

Якшанба куни эрталаб тан олинмаган Тоғли Қорабоғ пойтахти Хонкандини ўққа тутиш қайта бошланди. Шаҳарни бомбардимон қилиш тўрт кундан бери давом этмоқда

Жума куни снарядлардан бири Хонкандидаги ҳарбий касалхонага тушиб, бир нечта турар-жой биноларини вайрон қилди, яна бир портлаш натижасида маҳаллий Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биноси зарар кўрди ва бир нечта қутқарувчилар жароҳат олди.

Бунга жавобан, ТҚР кучлари якшанба куни аҳолиси сони бўйича Озарбайжоннинг иккинчи шаҳри (300 минг киши) бўлган Ганжанинг ҳарбий объектларини ўққа тутдилар ва маҳаллий ҳарбий аэропортни вайрон қилишди.

Озарбайжон мудофаа вазирлиги ҳарбий объектларнинг ўққа тутилиши ва аэропортнинг вайрон этилиши ҳақидаги маълумотни рад этиб, «тинч аҳоли, фуқаролар инфратузилмаси ва қадимий тарихий бинолар» душманнинг ўқ отиши натижасида жабр кўрганлигини билдирди. Отишма пайтида Ганжа аэропорти биносига зарар етмаганли маълум қилинди.

Тоғли Қорабоғ кучлари Ганжани ўққа тутиши натижасида бир фуқаро ҳалок бўлди, яна 32 киши жароҳат олди. Шу муносабат билан Озарбайжон Бош прокуратураси тан олинмаган ТҚР Президенти Арайик Арутюнянга нисбатан жиноий иш қўзғади.

Озарбайжон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 4 октябрь кунининг ўрталарига келиб, 27 сентябрдан бери давом этган можаро натижасида республиканинг жами 24 нафар тинч аҳолиси вафот этди.

Ҳарбий йўқотишлар тўғрисидаги маълумотлар турли хил. ТҚР президенти матбуот котиби Ваҳрам Погосян аввалроқ ҳарбий ҳаракатлар пайтида Озарбайжон армиясининг йўқотишлари 3 минг кишидан ошганини, ТҚРнинг ўз йўқотишлари 150 кишидан ошгани ҳақида хабар берган эди. 30 сентябрь куни Озарбайжон арман кучларининг 2300 ҳарбийсининг ўлдирилгани ёки жароҳатланганини, Арманистон эса 1750 нафар озарбайжонликнинг ўлдирилгани ва яралангани ҳақида хабар берди.

Туркия ТИВ Ганжанинг ўққа тутилишини «Арманистоннинг ноқонуний позициясининг янги намойиши» ва Женева конвенцияларининг бузилиши деб атади.

Арманистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Туркиянинг Арманистон ва Тоғли Қорабоғнинг тинч аҳолисига қарши Озарбайжоннинг жанговар ҳаракатларида иштирок этганлиги сабабли унга нисбатан вақтинчалик чоралар кўришни талаб қилди.

Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев тан олинмаган ТҚР президенти Арайик Арутюняннинг «жиддий жароҳати» ҳақида гапирди. Аммо, Тоғли Қорабоғ Республикаси раҳбарининг матбуот котиби бу маълумотни рад этди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Озарбайжон ҳарбийлари Жаброил (Мехакаван) шаҳри ва Тоғли Қорабоғдаги бир неча қишлоқларни ўз назорати остига олганлигини эълон қилди. Бироқ, Алиевнинг баёноти нотўғри маълумот ва ҳақиқатга тўғри келмайди, деди Арманистон мудофаа вазирлигининг расмий вакили Артсрун Ованнисян.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1