Аввал хабар қилиганидек, 2020 йил бугун, 5 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси Монополияга қарши курашиш қўмитасида бўлиб ўтди. Унда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Мажлисда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти томонидан ижро этилиши ҳолатига урғу берилди.
Таъкидланганидек, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти 1994 йилда майдаловчи пўлат соққалар маҳсулоти бўйича ва 2020 йилда лом ва қора металлар чиқиндиларини (харид қилиш) тайёрлаш хизмати бўйича Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июлдаги “Ўзметкомбинат” АЖни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ “Ўзметкомбинат” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқаришга “SFI Management Group” МЧЖ ХК компанияси жалб қилинган.
Мазкур қарорга асосан “Ўзметкомбинат” АЖ республика ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларни тайёрлаш (харид қилиш) бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади ҳамда республика ҳудудида йиғилган металлолом фақат комбинатга топширилиши лозим.
Шу билан бирга, қора металлардан металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш бозорида импорт қилинган метал парчалари ва бошқа металл маҳсулотларидан фойдаланиб фаолият юритаётган 1,2 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлса-да, ҳар йили металлдан тайёрланган маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш учун тузиладиган хом-ашё базасининг моддий баланс жадвали бошқа металл қуювчи корхоналарнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилади.
Бунда металл парчаларини қабул қилиш фақатгина “Ўзметкомбинат” АЖнинг тизимидаги “Иккиламчиқораметаллар” бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Қора металл парчалари ва чиқиндиларининг харид қийматининг паст нархларда эканлиги сабабли табдиркорлар ва аҳоли уларни “Ўзметкомбинат” АЖ таклиф этаётган нархларда топширишдан манфаатдор эмас.
Қолаверса, Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 2020 йил 13 майдаги 06/1-783-сонли баённомаси билан жорий йилнинг 1 июнидан йил охиригача “Ўзметкомбинат” АЖда ишлаб чиқариладиган товарларнинг аналогини республикага импорт қилишнинг тақиқланиши ҳам рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.
Бунинг оқибатида қурилишда ишлатиладиган металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида 8 йил давомида фаолият юритиб келган “MODERN METALL” МЧЖ корхоналар гуруҳи ишлаб чиқаришни тўхтатиши ва 700 га яқин иш ўринлари йўқотилиши мумкин.
“Ўзметкомбинат” АЖда мавжуд индивидуал имтиёз ва преференциялар бозорнинг бошқа иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароит яратмоқда.
Шунингдек, “Ўзметкомбинат” АЖда катта миқдордаги соҳага таълуқли бўлмаган активларининг мавжудлиги молиявий маблағлар ва вақт ресурсларининг нотўғри йўналтирилишига олиб келмоқда.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.






