Ўзбекистон Республикаси Президенти Адиминистрацияси, Халқ қабулхонаси масъул ходимлари бошчилигидаги 20 га яқин вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўтказилаётган сайёр қабул бугун Бухорода бошланди ва 9 октябргача давом этади.
Топшириққа мувофиқ, аҳоли долзарб масалаларини ҳал қилиш, энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган соҳалар бўйича муаммоларни тезкор кўриб чиқиш мақсадида ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 7 октябрда Бухоро ва Когон шаҳри аҳолисининг муаммоли масалалари ўрганилди. 8 октябр куни эса Вобкент туманидаги "Порлоқ келажак" оромгоҳи биносида Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманлари аҳолиси учун эрталабки соат 8 00 да ва пешиндан кейин соат 15.00 да Ромитан туманидаги "Оромитан" оромгоҳи биносида Ромитан, Пешку ва Бухоро туманлари аҳолиси учун сайёр қабуллар белгиланган. 9 октябрда эрталабки соат 9 00 да эса Жондор, Қоракўл ва Олот туманлари аҳолси учун Жондор туманидаги "Истироҳат" боғида сайёр қабул давом этади.
Маълум қилинишича, шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида сайёр қабуллар ўтказилган.
Суд-ҳуқуқ, уй-жой, моддий ёрдам, ижтимоий таъминот, прокуратура ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, банк соҳалари, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик... Уларда ўрганилган масалалар ана шулардан иборат бўлди...
23 сентябрь - 2 октябрь кунлари ўтказилган қабуллар Тошкент вилоятининг Бекобод, Олмалиқ, Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Зангиота ва Бўстонлиқ туманларида бўлиб ўтиб, уларда вилоятнинг барча ҳудуд аҳолиси қамраб олинди. Ўрганиш ҳолатларини аниқ мисолларда келтирадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилган ҳолда, жазонинг ўталмаган қисмидан 41нафар маҳкум жазони ўташдан шартли равишда ва 16 нафар тайинланган жазони муддатидан аввал озод қилинди, 39 нафар маҳкумларнинг жазоси бошқа енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассаларидан озод қилинди.
Мажбурий ижро бўйича 13 та мурожаатга асосан қарз ва зарарни ундиришга оид 387,4 млн. сўм ундирилди.
80 ёшли отахоннинг мушкули осон бўлди
Бир мисол – 80 ёшли Нўъмон Отажонов бошига эса кексайган чоғида мушкул иш тушди. Йўл-транспорт ҳодисаси отахонинг ўғли Неъматни бу ёруғ дунёдан олиб кетди. Айбдор ҳайдовчи жабрланувчи оиласига 20 миллион сўм товон пули тўлаб бериши лозим эди. Бироқ айбдор томон белгиланган жариманинг 12 миллион сўмини тўламай келаётган эди. Отахоннинг мурожаатидан сўнг Нўъмон Отажонов оиласига 12 миллион сўм ундириб берилди.
Ногирон фарзандлари бўлган аёлга 2 хонали хонадон бериладиган бўлди
Зангиоталик Зулхумор Пўлатованинг уй-жой билан боғлиқ муаммоси ҳам айни шу оммавий қабулда ҳал қилинди. Ногиронлиги бор фарзандлари билан анчадан буён сарсон юрган эди. Бу аёлга мурожаатидан сўнг доимий яшаш ҳуқуқи асосида 2 хонали хонадон бериладиган бўлди.
Айни шундай яна ногиронлари бор инсонлар, боқувчисини йўқотган аёллардан 5 нафарига ҳам доимий яшаш ҳуқуқи асосида 5 та хонадон ажратиладиган бўлди.
Газ, электр, йўл... ҳамон оғриқли масалалардан...
Уй-жой коммунал хўжалиги, газ ва электроэнергия таъминоти, йўл таъмири йўналишлари бўйича келиб тушган мурожаатлар ҳам мутасаддилар эътибори марказида бўлди.
5 та ҳолатда сув қувуридаги авария ҳолатлари ҳал этилди. 3 та кўп қаватли уйнинг 300 м2 том қисми жорий таъмирланди, 2 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги 480 метр оқова сув қувурлари алмаштирилди, 1 та холатда 42 та хонадонли кўп қаватли уйнинг канализация қувури тозалаб берилди.
Янгийўл шаҳри “Гулистон” маҳалласи аҳолиси эса сув босими пастлигидан шикоят қилди. Ҳудуддаги кўп қаватли уйларга оби ҳаёт тўлиқ етиб бормас экан. Бу мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, марказий ичимлик суви қувурини янгилашга киришилди. Бу билан кўп қаватли 24 та уй, 2 та ижтимоий соҳа объектига юқори босимда сув етказишга эришилади.
Газ таъминотида 3 нафар кам таъминланган оила қарздорлик сабабли тармоқдан узилган газ тармоғига қайта уланди, 2 та ГТП да таъмирлаш олиб борилди, 2 та кўп қаватли уйнинг 49 та хонадони газ тармоғига улаб берилди, МФЙга 265 дона газ баллони етказиб берилди.
Тошкент тумани “Алишер Навоий” маҳалласидаги ички кўчалар таъмирталаблиги анчадан буён ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди. Аҳоли мурожаатидан сўнг ички кўчаларга майдаланган тош тўшалиб, асфальт қилишга киришилди.
Қарийб 1 мингта масалага жойида ечимини топди ва...
Тошкент вилоятида ташкил қилинган оммавий қабулларда 3 минг 93 та мурожаат асосида 3 минг 195 та масала кўриб чиқилди. Қарийб 1 мингта масалага жойида ечим топилган бўлса, 686 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилди, 1 минг 510 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Ҳали олдинда сайёр қабуллар ўтказиладиган манзиллар кўп. Шундай экан, агар сизни узоқ йилларда бери ўйлантираётган масалангиз бўлса, сайёр қабуллар давомида бунга ечим топишингиз шубҳасиз. "Даракчи" газетаси ҳам мазкур сайёр қабулларда ҳамкор сифатида иштирок этишни мақсад қилган. Газетхонлар томонидан узоқ вақт мобайнида ечимини топмаётган масалаларни ҳал этиш доирасидаги ушбу ҳамкорлик ҳам жамият ривожида, ҳам муаммолар зарпечакдек ёйилиб кетмасдан вақтида ечим топишида самарали бўлади, деган умиддамиз. Шундай экан, ҳудудингизда ёки ҳаётингиз билан узоқ муддат ечимини топмаётган муаммоларингизни +99895-194-64-16 рақами ва шу рақам орқали @darakchipochta телеграм манзилига йўллашингиз мумкин.






