1

Самарқанддаги кабобдан заҳарланганлар ҳақида батафсил маълумот берилди

ЖАМИЯТ 08.10.2020, 18:08
Самарқанддаги кабобдан заҳарланганлар ҳақида батафсил маълумот берилди

Сал аввал Самарқандда товуқ гўштидан 15 киши заҳарлангани хабар қилинган эди.

Айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати томонидан ўтказилган эпидемиологик текширув натижасида аниқланишича, шу йилнинг 4 октябрь куни соат 20:00 ларда Самарқанд шаҳар, Зиёкорлар кўчаси 16-хонадонда шу ҳовлида боқилган товуқ гўштидан сихли кабоб тайёрланган. Уни 10 нафар оила аъзолари ва 5 нафар шу хонадонда қурилиш олиб бораётган ишчилар истеъмол қилишган.  

Орадан 3 соат ўтиб, уларда бош оғриғи, кўнгил айниш, қайд қилиш, хансираш, ҳаво етишмаслиги каби клиник белгилар қайд этилиб, бироздан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилишгач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишган.

Шундан сўнг Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилояти филиалига мурожаат қилган 15 нафар фуқарога “метгемоглобин ҳосил қилувчи бирикмалардан заҳарланиш” ташхиси қўйилган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилган. Эпидемиологик суриштирувлар ва зарур профилактик тадбирлар ўтказилган.

Касаллик қайд этилган хонадонда ўтказилган текширув давомида истеъмол қилинган маҳсулотлардан лаборатория таҳлилига намуналар олинган. Натижада овқатда ишлатилган туз маҳсулоти хонадон эгаси томонидан олиб келиниб алоҳида селофан идишда сақланган натрий нитрат моддаси эканлиги тасдиқлаган.

Ўтказилган даво муолажларидан сўнг клиник белгилар йўқолган, беморларнинг аҳволи яхшиланган ва уйларига жавоб берилган.  

" Сўнгги вақтларда аҳоли ўртасида баъзи ҳолатларда кимёвий моддалардан, сифати кафолатланмаган концервалар, маринатлар, озиқ-овқат ва спиртли ичимликлардан турли кўринишдаги заҳарланиш ҳолатлари қайд этилиб турибди.

Бунга рухсат этилмаган кимёвий моддалардан уй шароитида фойдаланиш,  озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва овқатланиш тартибига риоя қилмаслик асосий сабаб бўлмоқда.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар биримиз соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя этиб, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларига, таом тайёрлаш ва сақлаш тартиб-қоидаларига амал қилсак, бебаҳо бойлигимиз саналмиш саломатлигимизни сақлашга ҳисса қўшган бўламиз", - дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълумотида.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1