АсосийJamiyat

Коррупция агентлиги ўз ишини билиб, шуғулланиши мақсадга мувофиқ— профессор

'Коррупция агентлиги ўз ишини билиб, шуғулланиши мақсадга мувофиқ— профессор'ning rasmi

Коронавирусдан касалланган беморларнинг расмий статистикаси яшириб кўрсатилаётгани, бу масалада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори аввал берган, сўнг рад қилиб чиққан маълумотларидан сўнг Республика Патологоанатомия илмий-амалий маркази диркетори, профессор Ражаббой Исроиловнинг шу мавзу юзасидан муносабати Koronavirus Info расмий каналида эълон қилинди.

«Aввало, шуни таъкидлашни истардимки, ҳар қандай давлат амалдори ёки ходими оммага бундай маълумотларни тақдим этишдан олдин, албатта, шу соҳа мутахассисидан маслаҳат сўраши керак. Нега десангиз, бундай ҳақиқатдан йироқ маълумотлар билан баёнот билдириш тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизликни юзага келтиради. Бу масалада вазирликнинг 143 нафар дея берган маълумоти тўғри ҳисобланади. Бугунга келиб 3 минг нафар атрофида бемор ушбу вирусдан даволанмоқда. Шундан 1155 нафари Самарқанд вилоятида бўлиши мумкин эмас-ку?! Тошкент шаҳрида 1000 нафардан зиёд бемор коронавирусдан даволаняпти, вилоятларда эса бу кўрсаткич 140—150 кишини ташкил қилади. Мен бу маълумотларни асоссиз деб ҳисоблайман», — дейди Ражаббой Исроилов.

Профессорнинг сўзларига кўра, Акмал Бурхонов аслида бундай маълумотлар коронавирусга ташхис қўядиган лаборатория ходимлари ёки марҳумнинг мурдаси ёрилиб, микроскопда кўздан кечирилиб, ҳақиқий вирус эканлиги тасдиқланганидан кейингина шу каби баёнотни бериши ўринли.

«Бутун дунёда пандемия ҳолати кетаётган даврда касалликлар кўплиги ва ундан даволанаётганларнинг сони коррупцияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса керак, деб ўйлайман. Коррупция агентлиги ўз ишини билиб, шуғулланиши мақсадга мувофиқ.

Аслида халққа бирор бир маълумотни етказишда аниқ, ишончли маълумотларга асосланиш керак, зеро ҳар бир гапнинг ортида жавобгарлик турибди. Улар мутахассислар билан маслаҳатлашмасдан, ўз маълумотлари асосида осонгина 1155 нафар деб юборяпти. Мен соҳа мутахассиси сифатида айтаманки, бундай бўлиши мумкин эмас!» — қўшимча қилди профессор.

    Бошқа янгиликлар