АсосийJamiyat

Китобдаги тиббиёт бирлашмасида фуқаролар нега навбат кутиб, овора бўлётганлигининг сабаби маълум бўлди

'Китобдаги тиббиёт бирлашмасида фуқаролар нега навбат кутиб, овора бўлётганлигининг сабаби маълум бўлди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган постда Китоб тумани тиббиёт бирлашмасидаги рентген ускунаси ишламаётганлиги сабабли фуқаролар навбат кутиб, овора бўлишаётгани танқид қилинган эди.

Мазкур мурожаат юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:

" - Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси қабул бўлимида жойлашган рентген ускунаси 2017 йилда  "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида келтирилган. Ускунанинг кўкрак қафасини тушириш қисми пандемия шароитида,  июнь-июль ойларидаги ортиқча юклама билан ишлаш оқибатида ишдан чиққан. Ускунани созлаш мақсадида тегишли ваколатли корхона билан шартнома тузилган ва олдиндан 15 фоизлик тўлов ўтказиб берилган. Ускуна яқин кунларда соз ҳолатга келтирилади ва аҳолига хизмат қилишни бошлайди.

Унга қадар зарур эҳтиёжни қондириш мақсадида туманда жойлашган вилоят сил касалликлари шифохонаси билан шартнома қилинган ҳамда барча шошилинч ҳолатдаги беморларга узлуксиз равишда ушбу муассаса рентген ускунаси орқали хизмат кўрсатилмоқда.  

Шунингдек, туман юқумли касалликлар шифохонаси портатив рентген ускунаси билан таъминланди.

Туманда УТТ текшириш хизмати узлуксиз ишлаб турибди,  бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.  24 соатлик режимда УТТ шифокорлари навбатчилиги ташкил этилган. Маҳаллий бюджетдан 2020 йил харажатлар сметасида тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш учун  250 миллион сўм ажратилиб, 2 дона УТТ ускунаси олинган.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим этилган “Tracker” автомашинаси мурожаат муаллифи қайд этганидек, шахсан Дониёр Турсуновга эмас, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хизматда фойдаланиш учун берилган (бу борадаги эътирозга аввал ҳам муносабат билдирилган). Вилоят ҳудудининг жуда катта эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу қулайлик пандемия даврида марказдан тортиб чекка ҳудудларгача тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишни назорат қилишда қўл келмоқда. Бу каби имкониятлар нафақат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, балки бошқа бир қатор вилоят ташкилотларида ҳам мавжудлигини эслатиб ўтамиз", дейилади баёнотда.

 

    Бошқа янгиликлар