Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар доирасида мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усманов мазкур давлат Миллий кутубхонаси раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бир гуруҳ олимлари томонидан тайёрланган беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тақдимоти ўтказилди.
Малайзия Миллий кутубхонасига ушбу тўпламнинг тўртта нусхаси, шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган китоблар тўплами топширилди.
— «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» нусхалари учун миннатдорлик билдираман, — деди Малайзия Миллий кутубхонасининг бош директори Майзан Исмоил. — Ушбу нашр дунёдаги энг бой тиллардан бири бўлган ўзбек тилидаги сўзларнинг маʼноларини янада теранроқ англашимиз учун ёрдам беради. Таъкидлаш жоизки, ушбу изоҳли луғатни тайёрлаб, нашр этилгани ўзбек тилини асраш ва янада ривожлантиришда қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.
Малайзия Миллий кутубхонаси раҳбари, шунингдек, Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кутубхонада «Ўзбек тили ва адабиёти» бурчагини ташкил этишни таъкидлади.
Учрашув натижасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Малайзия Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама этиш учун ушбу муассасалар раҳбарларининг видеоконференсалоқа форматидаги музокараларини ўтказиш, Малайзия Миллий кутубхонаси биносида «Ўзбек тили ва адабиёти» бурчагини ташкил этиш, кутубхона билан элчихона ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, ўзбек тилидаги ўқув дастурлари, манба ва адабиётлар билан таъминлаш ва биргаликда маърифий ва маданий тадбирлар ўтказиш бўйича келшувларга эришилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, дипломатик ваколатхона Малайзияда ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, унинг миллий ва халқаро мақомини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.
Жумладан, Малайзияда яшаётган ватандошлар ҳамда хорижликлар иштирокида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами арафасида ушбу мавзуда «давра суҳбати» ўтказиш режалаштирилган.