АсосийJamiyat

Ўзбек тили дарс соатлари рус тилида ўқитиладиган мактабларда 35 фоизга ортган — Шерзод Шерматов

'Ўзбек тили дарс соатлари рус тилида ўқитиладиган мактабларда 35 фоизга ортган — Шерзод Шерматов'ning rasmi

Юртимизда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб ўқувчилари рус тилини ўрганишида қанчалик муаммо бўлса, рус тилида таълим олаётган ўқувчилар учун эса ўзбек тилини ўрганиш шунча муаммо эди. Бу мавзуда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз фикрларини баён этди:

"Шу сабабли ўзбек тили изоҳли луғатчаси тақдимотига бағишланган тадбирни асосан рус тилида таълим бериладиган 110 мактабда ва рус тилини ўргатишни яхшилаш бўйича лойиҳани расман бошлаш маросимини эса Учтепа туманидаги 129 мактабда, яъни фақат ўзбек тилида таълим бериладиган оддий мактабда ташкил этдик.

Мақсадимиз ҳар бир мактаб битирувчиси ўзбек тилини билиб чиқишидир. Шунинг учун ўтган ўқув йилидан рус тилида ўқитиладиган мактабларда ўзбек тилини ўқитиш соатларини 35 фоизга (ҳафталик 20 соатдан 27 соатга) оширган эдик. Эндиги асосий вазифа бошқа тилда дарс бериладиган мактабларда ўзбек тилини ўқитиш методикаларини яхшилаш ҳамда айнан шу йўналишда ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини оширишдан иборат.

Мактабдаги таълим тизимидаги ўзгаришларни дарров сиёсийлаштириш шартмас. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қайси мактабни битиришидан қатъий назар ўзбек тилини ўрганишига шароит бўлиши керак. Шу билан бирга рус тили ҳамда инглиз ёки бошқа чет тилини ўрганиши зарур бўлади. Ўзбекистонда яшайдиган аксарият рус ва бошқа миллат вакиллари ўзлари яхши билмасада ўз фарзандларини ўзбек тилини ўрганишини хоҳлайди. Чунки эртага у шу юртда яшагани учун уларга ўзбек тили ҳаётида муваффақиятга эришиши учун муҳимлигини тушунишади.  

129 мактабга бир йил аввал чет эллик меҳмонлар тугул хаттоки ўзимизнинг маҳаллий журналистларни ҳам таклиф этишга одам уялар эди. Пойтахт бўлсада, чеккароқ ҳудуд бўлганига мактабларнинг аҳволи жуда ачинарли эди. Президентимизнинг Учтепа туманига ташрифларидан сўнг тумандаги мактабларнинг деярли ҳар 3 тадан 1 таси, асосан ўзбек тилида дарс бериладиган мактаблар, чиройли таъмирдан чиқди. Энди улардаги таълим сифатини оширишимиз, жумладан рус ва инглиз тилини ўқитишни яхшилашимиз зарур" дейди вазир. 

    Бошқа янгиликлар