8 октябрь куни тахминан соат 12:10 ларда Когон туманида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, 1988 йилда туғилган З.Т. "Хўжа Якшанба" МФЙда яшовчи, 2002 йилда туғилган Х.Ҳ.нинг ишончига кириб, уни алдаб, мактабгача таълим ташкилоти мудираси орқали, мазкур таълим даргоҳига ишга қўйиш учун 200 АҚШ доллари ҳамда Бухоро шаҳар Халқ таълими бўлимида ишловчи мансабдор танишлари орқали Бухоро педагогика коллежига ўқишга киритиш эвазига 200 АҚШ доллари, жами 400 АҚШ доллар пулларни пора тариқасида беришини айтган. Фуқаро Х.Ҳ.дан ўзи ишлаб келаётган таълим муассасаси ҳудудида кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида қўлга олинган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан, жиноят устида қўлга олинган аёл З.Т. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






