1

Пандемия шароитида нодавлат боғчалар ва мактабларда таълим қандай ташкил этилган?

ЖАМИЯТ 13.10.2020, 16:50
Пандемия шароитида нодавлат боғчалар ва мактабларда таълим қандай ташкил этилган?

Бугун АОКА залида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида ўтказилган брифингда таълим тизими билан боғлиқ муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

❓Пандемия шароитида нодавлат боғчалар ва мактаблар қандай фаолият кўрсатмоқда? Уларда таълим қандай кўринишда ташкил этилган?

➖ Республика махсус коммиссияси қарори билан нодавлат мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятига русхат берилган бўлиб, уларнинг аксариятида янги ўқув йили анъанавий тарзда бошланди.  

 Ушбу муассасалардаги вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш орқали уларга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида Таълим инспекцияси томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда фарзандлари нодавлат мактабларда таълим олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари ва ушбу муассасалар директорлари ўртасида сўровнома ўтказилди.  

Ижтимоий сўровнома орқали «Фарзандингиз мактабга қатнаётганидан сўнг унда ёки оила аъзоларингизда шамоллаш, иситма кўтарилиши ёки бошқа касалланиш аломатлари пайдо бўлдими?», «Уйингизда охирги ўн кун давомида коронавирус билан касалланганлар борми?» каби саволларга жавоб олинди.

 Ўрганиш жараёнида нодавлат таълим муассасалари пандемия шароитига тез мослаша олгани, анъанавий ва масофавий таълим бирдек ташкил этиб келаётгани маълум бўлди. Ушбу муассасаларда таълим жараёнлари санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда.

 Хусусан, хусусий мактаб ва боғчаларда болаларнинг касалланишининг олдини олиш учун ҳар бир гуруҳ алоҳида кўчада сайр қилиши, алоҳида овқатланиши ва ҳар хил вақтда бинога киритилаётгани кузатилди.  

Мазкур муассасаларда таълим олаётган болада ёки унинг оиласидан кимдадир касаллик аломатлари кузатилса, у масофавий таълимга ўтказилмоқда. Бундан ташқари ота-оналар ўз хоҳишига кўра боласини масофавий таълимга ўтказишлари мумкин. Масофавий дарслар ҳам замонавий АКТ ёрдамида онлайн кўринишда ташкил этилиб, махсус электрон платформалар орқали ўқувчиларга уйга вазифалар берилиши, фанларни қай даражада ўзлаштираётгани назорат қилиб борилмоқда.  

Бугунги кунда пандемия шароитида таълим бериш бўйича ушбу муассасаларда мавжуд илғор тажрибаларни давлат мактаб ва боғчаларига ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1