Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими маълум қилишича, ходимлар кўмагида ишдан ноҳақ бўшатилган акушер-гинекологнинг ўз лавозимига қайта тикланиши таъминланди.
Маълум бўлишича, бюронинг иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 2-туғуруқ комплексидаги аввалги 1.0 ставка врач акушер-гинеколог вазифасига қайта тикланиши бўйича ижро варақаси келиб тушган.
Амалдаги меҳнат қонунчилигига асосан, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишга тикланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур талаб асосида шаҳар тиббиёт бирлашмаси 2-туғуруқ комплексига Бюро ходимлари томонидан тегишли тартибда талабнома юборилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Натижада, Андижон шаҳар 2-туғуруқ комплекси бош шифокорнининг “М.И. билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида”ги буйруғи бекор қилиниб, М.И. ўз вазифасига қайта ишга тикланди.






