1

Тошкентда эркак кишининг қўлга олиниши ҳақида адвокат: "ИИББ баёноти нотўғри, воқелик бошқача бўлган..."

ЖАМИЯТ 15.10.2020, 12:33
Тошкентда эркак кишининг қўлга олиниши ҳақида адвокат: "ИИББ баёноти нотўғри, воқелик бошқача бўлган..."

Сал аввал ижтимоий тармоқларда эркак кишининг қўлга олиниши видеоси тарқалди ва ҳолат билан боғлиқ факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ расман изоҳ берган эди.

Унга кўра, Миробод тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари бўлмиш Сайидали М. қўлга олинган. Тергов олди текширувлари давомида МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган. Шунга кўра, тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориши кераклигини айтишган. Аммо Сайидали қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатган. Шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ Сайидалининг қўлларига кишан солиб прокуратурага олиб боришга мажбур бўлишган.

"Хабар.уз" нашрининг ёзишича, «CORPORATE LAWYER» адвокатлик  бюроси адвокати  Азамат Эгамбердиев (у видеодаги «айбдор»нинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади) мазкур ҳолат юзасидан эътирозларини билдирган.

Унга кўра, видео юзасидан берилган изоҳ аниқ фактларга асосланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Жумладан: «2 октябрь куни Миробод тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари бўлмиш Сайидали М.нинг турар жойи аниқланган. Илгарироқ, тергов олди текширувлари давомида прокуратура ходимлари томонидан мазкур МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган», – дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот марказининг расмий хабарида. Бироқ, жорий йилнинг 2 октябрь куни МЧЖга нисбатан тўпланган материаллар билан танишганимизда, департамент органлари томонидан М.Сайидалини мажбурий келтириш тўғрисида қарор, унга юборилган чақирув қоғозлари, телеграмма ёки бирор бир телефонограмма мавжуд эмаслиги аниқланди. Шундай экан, уни кўчада ҳеч қандай изоҳсиз, қўлига кишан тақққан ҳолда машинага «босиб» кетиш ўзбошимчаликдан бошқа нарса эмас, дейди адвокат.

Бундан ташқари, М.Сайидали МЧЖда 2019 йил феврал ойига қадар директор лавозимида ишлаган бўлиб, айни пайтда умуман бошқа маъсулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келмоқда.  М. Сайдали ишдан кетгандан кейин ўша МЧЖда мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлаганлиги аниқланган бўлса, бунга унинг нима дахли бор? Демак,Тошкент шаҳар ИИББ матбуот маркази томонидан берилган расмий хабарнинг ушбу қисми ҳақиқатдан умуман йироқ.

Шунингдек, расмий хабарда: «Бундан ташқари, Сайидали М.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқа бир МЧЖ раҳбари А.Г.дан келиб тушган ариза мавжуд. Мазкур аризада дори воситаларининг олди-сотдиси келишуви бўйича қолган маблағ тўланмаганлиги маълум қилинган» – дейилмоқда. М.Сайидали 2019 йил феврал ойидан буён «типография» ва қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга етказиб бериш фаолияти билан шуғулланиб келади. Агар унга нисбатан ростдан ҳам ариза келиб тушган бўлса, нега уни чақирув қоғози ёки телефон орқали ҳам чақирилмай куппа-кундузи, худди жиноятчини ушлагандай қўлига кишан урилиши керак? Ваҳоланки, унга нисбатан ариза тушганлигининг ўзи шубҳали.

Расмий изоҳдаги гўёки «...тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориш кераклигини айтишгани», бироқ  «... М. Сайидали қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатгани», шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ унинг қўлларига кишан солиб прокуратурага олиб боришга мажбур бўлишганига оид  гаплар ҳам ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Видеотасвирда тасвирга олувчи шахс «нима учун?» деган саволни камида 6-7 маротаба такрорлаган бўлиб, тезкор ходимлар «борганда биласиз» деган жавобдан нариги ўтмаганини яққол кўринади.  Яққол кўриниб турган ҳолатни инкор этиш - тезкор ходимларнинг айбини очидан очиқ яширишдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, ўша пайтда М. Сайдалининг ёнида бўлган гувоҳлар  тезкор ходимлар «ўзларини таништириб, гувоҳномаларини кўрсатиб» эмас, балки орқадан келиб, «таппа босишганини»  тасдиқлаши мумкин.

Адвокатнинг алоҳида таъкид этишича, қўлига кишан урилганча мажбуран Миробод тумани прокуратурасига олиб келинган М.Сайидали  у ерда тахминан 40 дақиқа ўша ҳолатда ушлаб турилган.  Қачонки уни  туман прокурори ўринбосари қабулига олиб киришганидан кейингина ҳолатга аниқлик киритилган  ва қўлларидан кишанлар ечилган...

Пойтахт ИИББ изоҳида эса  асл ҳолат хаспўштланиб, ҳаммаси гўёки қонун дорасида бўлгани айтилади. Асл ҳолат эса бунинг аксини кўрсатмоқда.

Воқеа юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда ҳолат юзасидан Миробод тумани департаменти ва Миробод тумани ИИБ тезкор ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари  бошлаб юборилган. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1