АсосийJamiyat

Энди ниқоб тақмаганлар видеофотофиксация орқали аниқланади

'Энди ниқоб тақмаганлар видеофотофиксация орқали аниқланади'ning rasmi

Мамлакатимизда карантин қоидалари ҳали батамом бекор қилингани йўқ. Аҳоли орасида вирус кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида барча фуқаролар кўчага чиққанда ниқоб тақишлари белгилаб қўйилган. Зеро, бу йўл билан саломатлигимизни асраб, касалликнинг олдини олишга ҳисса қўшамиз.

Баъзи давлатларда одамларнинг тиббий ниқобсиз юришига одатланиши ортидан коронавируснинг иккинчи тўлқини бош кўтармоқда. Афсуски, атрофимиздаги айрим фуқаролар буни била туриб, ниқоб тақишни кундалик турмуш тарзига айлантиролмаяптилар. 

Биргина Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида карантин қоидаларига амал қилмаган 85 минг 990 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Шундан 85 минг 634 нафар тиббий ниқоб тақиб юрмаган. Наҳотки, улар ўзлари оиласи ва яқинлари саломатлигини ўйлашмайди? Бу эса карантин тартибини таъминлаш учун Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан янгича ёндашув ва чора-тадбирларни белгилашни тақазо қилди.

– Айни мақсадда замонавий инновациялардан фойдаланиб, Республикамизда биринчи марта жамоат жойларида карантин қоидаларига амал қилмай ниқобсиз ҳаракатланган фуқароларни видеофотофиксация воситалари орқали аниқлаш амалиёти йўлга қўйилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Исмоилжон Шарипов. – Фотосуратга олинган ниқобсиз фуқароларнинг шахси махсус база орқали аниқланиб, ички ишлар органлари ва давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Мазкур баённомани эса фуқаронинг яшаш хонадонига почта орқали юборилади. Тартиб Фарғона вилоятида жорий йилнинг 17 октябрь кунидан амалиётга жорий қилинади. Мақсадимиз асло маъмурий жавобгар қилиш эмас. Юртимиздан кўринмас бу офатни тезроқ бартараф қилиб, фуқароларни хотиржам ва бахтли ҳаётини таъминлашга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар