Хоразмлик журналист, таниқли ҳажвчи Бардибой Жуманиёзов 66 ёшида вафот этди.
Бардибой Жуманиёзов 1954 йил 30 майда Хива туманидаги Саёт қишлоғида таваллуд топган. У ёш авлодга ҳуқуқ фанидан таълим бериш билан бир вақтда кўп йиллар давомида туман ва республика ОАВларида ҳам хизмат қилиб, жамиятимиздаги салбий иллатларга қарши аёвсиз танқидий материалларни фаол ёритиб борган.
Устоз Бардибой Жуманиёзов Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда “тутаб эмас, ёниб” ижод қилган журналистлардан эди. "Даракчи" газетасининг "Наштар" ҳажвий иловасида чоп этилган аёвсиз, "теша тегмаган" фельетонлари билан кўплаб мухлислар эътиборини қозонди, кўп шогирдларига унутилиб бораётган фельетон жанрининг сир-асрорларини ўргатди.
Бардибой Жуманиёзовнинг хотираси қалбимизда яшайди, марҳумнинг яқинларига чуқур хамдардлик изҳор қиламиз.






