АсосийJamiyat

Ўзбекистонда таниқли адиб Эврил Турон вафот этди

'Ўзбекистонда таниқли адиб Эврил Турон вафот этди'ning rasmi

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов вафот этди.

Мамадали Маҳмудов 1940 йилнинг 12 декабрида Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган. Отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси (Тоғдаги ўрмон ва ҳайвонларга қаровчи) 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган. Онаси Саодат опа битта фарзанд билан қолган. Ёзувчининг ҳикоя қилишича, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган бобоси Аҳмад Бек 1936 йилда осиб ўлдирилган.

1966 йилда Тошкент Давлат Университети филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирган. Сўнгги курсларни сиртдан ўқиб, «Саодат» журналида ишлаган.

1974 йилда биринчи китоби — „Тоғ оҳуси“ очерклар тўплами нашр қилинган.

1975 йилда чоп этилган "Боғдон қашқири" қиссасида ёзувчи биринчи марта босмачилик ҳаракати иштирокчиларини миллий-озодлик курашчилари сифатида тасвирлаган. Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган „Ўлмас қоялар“ романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди. Москвадаги муҳокамалар ортидан тақиқланган роман Туркия ва Ғарбий Олмония журналларида чоп этилади.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, ДХҚ (КГБ) томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудовнинг ўзи айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган ва Чўлпон мукофотига сазовор бўлган.

Мамадали Маҳмудов ижод билан бирга жамоатчилик ишлари билан ҳам фаол шуғулланган. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

 

    Бошқа янгиликлар