АсосийJamiyat

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий деб турган суд Бош прокуратуранинг аралашуви билан фуқароларни ҳақ деб қарор чиқаришга мажбур бўлди

'Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий деб турган суд Бош прокуратуранинг аралашуви билан фуқароларни ҳақ деб қарор чиқаришга мажбур бўлди'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳокимининг 16.04.2018 йилги “Building and Supplies” МЧЖга ер участкасини ажратиб бериш ҳақида”ги 608-сонли қарори билан Яккасарой тумани, “Юнус Ражабий” МФЙнинг 72, 66/4, 66/2 ва 66/1-уйлари оралиғида кўп қаватли турар-жой қуриш учун 0,50 га ер майдони ажратиб берилган.

Фуқаро О.Пяновская ва бошқалар Тошкент шаҳар ҳокимининг 16.04.2018 йилги “Building and Supplies” МЧЖга ер участкасини ажратиб бериш ҳақида”ги 608-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилган.

Чилонзор туман маъмурий судининг 11.12.2019 йилги ҳал қилув қарори билан аризачиларнинг Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг   27.01.2020 йилдаги қарори билан Чилонзор туман маъмурий судининг юқоридаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, қуйидагиларга кўра, биринчи ва апелляция инстанция суди қарорлари қонунга зид:

БИРИНЧИДАН Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.07.2018 йилга қадар амалда бўлган “Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича комиссия томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 31.12.2008 йилги 
292-сонли қарорининг 10-бандига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан                             ер участкаларни ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган комиссиясининг қарори қабул қилиши учун бир қатор ҳужжатлар, яъни ер участкасининг ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар бош архитектори, ер ресурслари ва давлат кадастри, ёнғин хавфсизлиги, санитария-эпидемиология назорати хизмати, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан келишилган тавсифномаси, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУКнинг  танланган ер участкаси бўйича хулосасини тақдим қилишини ҳамда 14-бандига кўра комиссиянинг ер участкаларини ажратиш ҳақидаги ижобий қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокими бир ҳафта муддатда қонунчиликда ўрнатилган тартибда қарор қабул қилиши, комиссиянинг қарорисиз Тошкент шаҳар ҳокимиятига ер участкаларни ажратиш тақиқланиши белгиланган.

Суд томонидан ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган талаблар эътиборга олинмаган.

ИККИНЧИДАН, “Building and Supplies” МЧЖнинг 09.02.2018 йилги 1/74-сонли мурожаати ва шаҳар ҳокимининг 10.02.2018 йилдаги 2182/03-сонли кўрсатмасига асосан, жамиятга Яккасарой тумани, Юнус Ражабий маҳалласи 72, 55/4, 66/2, 66/1-уйлар оралиғида кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ташкилотларга келишиш учун юборилган.

“ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК томонидан рад жавоби берилган бўлса, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматининг хулосаси олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.07.2018 йилга қадар амалда бўлган 25.02.2013 йилдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 14-бандига асосан, ер участкасини жойлаштириш планида, туман (шаҳар) ҳокими, туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига, туман (шаҳар) санитария-эпидемиология хизмати, давлат ёнғин назорати ҳудудий органи, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш зонасида объект қуриш учун ер участкаси танлашда-маданий мерос объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш ҳудудий инспекцияси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан келишилиши кўрсатилган бўлсада, ваколатли органлар билан келишилмаган ва тўпланган ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича комиссиясига юборилмаган.

Бош прокуратура  берган маълумотга кўра, Судлар томонидан ушбу ҳолатлар эътиборга олинмаган.

УЧИНЧИДАН, Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик норма ва қоидалари ШНК 2.07.01-03* Шаҳарсозлик, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш, 21.1-банди талабида кўп хонадонли турар-жой уйларининг узун томонлари ўртасидаги масофалар қуйидагича қабул қилиниши лозимлиги, баландлиги 4-5 қаватли бўлган турар жой уйлари учун 25-30 метрдан кам бўлмаган, яшаш хоналарида деразалари бўлган ушбу биноларнинг узун томонлари ва ён томонлари учун 10 м.дан кам бўлмаган оралиқ масофалар белгилаб қўйилганлигига изоҳ сифатида мавжуд мавзеларнинг  кўп хонадонли бинолари оралиғида, махсус бино ва иншоотлардан  (спорт майдонлари, болалар ўйин майдончалари, кийим-кечак қуритиш майдончалари, автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойлари) ташқари, ҳар қандай бошқа мақсадли объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бироқ, ушбу ШНК қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда “Building and Supplies” МЧЖга кўп қаватли турар-жой қуриш учун 0,50 га ер майдони ажратиб берилганлиги ҳолати суднинг эътиборидан четда қолган.

Суд қарорларига нисбатан Бош прокуратура томонидан назорат тартибида келтирилган протест Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, 21.05.2020 йилда қуйи инстанция суди қарорлари бекор қилиниб, фуқаро О.Пяновская ва бошқаларнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул килинди.

Бош прокуратуранинг протести асосида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

    Бошқа янгиликлар