Ангорда автомашинанинг каналга тушиб кетиши натижасида ёнғин келиб чиқди. Қурбонлар бор, деб ёзмоқда yhxbb.uz.
Ҳодиса 2020 йил 18 октябрь куни соат 23:00да Ангор тумани “Қорабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433 километрида содир бўлган.
1993 йилда туғилган ҳайдовчи Нексия-3 русумли транспорт воситасини “Самарқанд-Термиз” йўналишида бошқариб келаётиб,, бошқарувни йўқотиши натижасина йўналишдан чиқиб кетган. Оқибатда йўл бўйлаб оқиб ўтувчи каналга тушиб кетган. Шу тариқа каналга қулаган автомобилда ёнғин келиб чиққан.
Натижада транспорт воситаси ҳайдовчиси И.И, унинг 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ф.А ҳамда вояга етмаган фарзандлари 2016 йилда туғилган С.Ў ва 2017 йилда туғилган С.И лар оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 19 октябрь куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан куннинг қоронғу вақтида ҳаракатланганда янаям эҳтиёт бўлишларини, тезликни меъёридан оширмасликларини ва йўл белгиларига аҳамиятли бўлишларини сўраб қоламиз, дейилади ЙҲҲББ хабарида.






