Самарқанд вилояти Булунғур туманида танқидий мақола ёзиш билан қўрқитиб, 2 ташкилотдан бир миллион 280 минг сўм пул олган сохта блогерга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади Самарқанд.уз.
Маълум қилинишича, ўзини блогер деб таништирган фуқаро Д.Р. 2020 йилнинг май-июль ойларида ижтимоий тармоқларга «Булунғур деҳқон бозори» масълулияти чекланган жамияти фаолияти бўйича 3 марта танқидий ва нотўғри мақолалар ёзган.
Мазкур мақолаларни оммага ошкор этмаслик эвазига бозор раиси И.С.дан ўзининг номига очилган пластик пластик картасига пул маблағлари ўтказиб беришни талаб қилган ва 2020 йил июль—август ойларида жами 980 минг сўм пулни пластик картасига ўтказилишига эришган.
Шунингдек, сохта «блогер» 2020 йилнинг август ойида «Булунғуртумангаз» филиали суюлтирилган углеводорли газ фаолияти бўйича ижтимоий тармоқларга бир маротаба танқидий мақола ёзган. Кейинчалик яна салбий мазмундаги мақолалар ёзиб, уни оммага ошкор этмаслик эвазига «Булунғуртумангаз» филиали мутахассиси С.Ҳ.дан ўзганинг номига очилган пластик картасига пул маблағлари ўтказиб беришни талаб қилган ва 2020 йил 10 август куни 300 минг сўм пулни ўзганинг пластик картасига ўтказилишга эришган.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди ўз биносида бўлб ўтган очиқ суд мажлисида томонлар фикрини эшитиб ва иш ҳужжатларини таҳлил қилган ҳолда судланувчи Д.Р.га Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топган. Судланувчига Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.