Бугунги кунда тақдир тақозоси билан кўплаб юртдошларимиз дунёнинг турли мамлакатларида ишламоқда, ўқиб, яшамоқда. Одатда инсон ватанидан қанча узоқлашса, уни шунча кўпроқ қўмсайди. Қайси шаҳарда бўлмасин, зарурат юзасидан қайси тилда гапирмасин, у барибир ўз она тилида фикрлайди.
Кишини ватани билан боғлаб турадиган энг муҳим восита бу унинг тили ҳисобланади. Инсон қайси миллат тилида фикрласа, ўша миллатга мансуб бўлади, дейишади. Дарҳақиқат, агар кимки ўз она тилини унутса, унинг учун бошқа қадриятларни унутиш тезроқ ва осонроқ кечади.
Статистик маълумотларга қараганда, дунёда 400 дан ортиқ тил йўқолиш арафасида турибди. Турли сабабларга кўра, ҳар икки ҳафтада битта тил мулоқотдан чиқиб кетар экан. Демак, кўплаб миллатлар ўзларининг тарихий она тилларида мулоқот қилиш бахтидан турли сабабларга кўра, маҳрум бўлиб қолган.
Шукрки, ўзбек тили ўтмишда ҳам ва бугунги кунда ҳам дунё халқларининг энг бой тиллари сифатида қаралмоқда. Тил инсон билан тирик, у шунчаки йўқолиб ёки ривожланиб қолмайди. У тилда инсонлар мулоқот қилса, фикрласа, асарлар ёзса, илмий кашфиётлар қилса, чиройли оҳанглар янграсагина у ривожланади, яшайди ва авлодларга мерос қолади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда ўзбек тилида она тили сифатида бутун дунё бўйлаб 33 миллион атрофида инсонлар мулоқот қилади. Нафақат Ўзбекистонда, қўшни мамлакатларда муқим яшаётган туб аҳоли вакиллари ва дунёнинг турли минтақаларида ўқиш ёки иш билан банд бўлган юртдошларимиз сабаб, ўзбек тили жарангини бутун дунёда эшитиш мумкин.
Ўзбек тилини ривожлантириш, уни янада бойитиш учун ҳар бир фуқаро, у хоҳ мамлакат ичида, хоҳ ташқарисида бўлсин масъулиятни ҳис қилиши керак.
Узоқ йиллар хорижда бўлган инсон ўзи яшаб келаётган мамлакатнинг муҳитига, яъни тилига, урф-одатларига мослаша бошлайди. Унинг фарзандлари эса ўша давлатдаги мактабларга боради ва табиийки, маҳаллий тилда таълим олади. Бу ҳолатда янги авлод ўз ватани, миллати ва тилидан узоқлаша бошлайди. Шунинг учун хорижда юрган юртдошларимиз ўз фарзандларини ўзбек миллатига дахлдор руҳида ва ватанпарвар бўлиб вояга етишини истаса, албатта ўзбек тилини ўргатиши, ушбу тилда мулоқот қилиш зарур.
Ўзбекистон халқини бирлаштирадиган ва Ўзбекистонни давлат сифатида дунёга янада кўпроқ танитадиган бу – бу ўзбек тилидир.
Бир мамлакатнинг ўртамиёна ёки қарам бўлиб қолиши учун унинг тилини заифлаштириш кифоя. Чунки, тилини унутган инсон, бошқа нарсаларни ҳам тезда унутади.
Хулоса шуки, ўзбек тилини ҳар биримиз фақат баъзи саналарда эмас, ҳар куни севишимиз, уни ҳимоя қилишимиз ва ривожлантиришга ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Чет тилларини эса истаганча ўрганиш мумкин. Шунда Ватанни ва дунёни бошқачароқ англай бошлайсиз!
Ортиқхўжа Норов,
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби