Парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси ўз нутқида мамлакатимизда ижтимоий соҳалар, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш масалалари доимо диққат марказида бўлиши кераклиги, куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокама қилинганига тўхталди.
– Келгуси йилга мақсадлар, режалар катта, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Эътиборли жиҳати, Президентимиз бюджетни шакллантиришда маҳаллий Кенгашлар ваколатини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, бюджет харажатларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Эндиликда харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилинади. Давлат идораларининг ушбу талабга риоя этишларини назорат қилиш эса, парламент палаталари ва маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилиши таъкидланди.
Ҳудудлар палатаси сифатида юқоридаги вазифалар, уларнинг қай даражада амалга оширилиши биз учун жуда муҳим. Одамлар эртага савол беради: бюджет маблағлари нималарга сарфланди, харажатлар қанчалик самарали ва тўғри бўлди, нима учун у ёки бу соҳада маблағ етишмайди?
Деярли ҳар куни бюджет маблағларининг ноўрин сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар кўтарилмоқда. Афсуски, солиқ тўловчиларнинг бундай саволларига ҳар доим ҳам асосли жавоб берилмаяпти ёки холис муносабат билдирилмаяпти.
Биз Ҳисоб палатаси билан биргаликда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳолатини яқинда Тошкент вилояти мисолида комплекс ўргандик. Жуда кўплаб тизимли муаммолар аниқланди. Мутасаддиларда бюджетга қўшимча манбалар аниқлаш борасида ташаббускорлик, изланиш йўқ. Айрим ҳолларда уларнинг молиявий саводхонлиги етишмаслиги ҳам кўриниб қолди. Муҳим кўрсаткичларни қўшиб ёзиш иллатига тўлиқ барҳам берилмаган. Шу боис, ҳозирданоқ мазкур йўналишдаги ишларимизни танқидий кўриб чиқишимиз, бюджет назоратини янада кучайтиришимиз керак.
Сенатнинг тегишли қўмитаси ҳамда бошқармаси бундай ўрганишлар ва таҳлиллар кўламини янада кенгайтириши, тизимли муаммолар ечими юзасидан асосли таклифлар ишлаб чиқиши лозим.
Зеро, бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига оид саволлар фақатгина ижтимоий тармоқларда эмас, балки биринчи навбатда парламент минбаридан туриб, халқ вакиллари томонидан берилиши керак.